Welcome to Uztransgaz   Click to listen highlighted text! Welcome to Uztransgaz

Жорий йилнинг 28 июнь куни «Ўзбекнефтгаз» АЖ раҳбариятининг иштирокида «Ўзбекистон нефть ва газ тармоғи муаммолари ва истиқболлари, шунингдек аҳолини энергия манбалари билан таъминлаш масалалари» мавзусида брифинг ўтказилди.

 

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони ҳузуридаги Ахборот ва оммавий ахборот воситалари агентлигида бўлиб ўтди.

Нефть ва газ саноатини янада ривожлантириш учун углеводородларни қидириш ва қазиб олишни кўпайтириш назарда тутилган. Шу мақсадда Бухоро-Хива, Устюрт, Сурхондарё ва Фарғона минтақаларидаги нисбатан истиқболли ҳудудлардаги ишлар ички ресурслар ҳисобидан жадаллаштирилди. Шунингдек, дунёнинг етакчи нефть-газ компаниялари билан кам ўрганилган инвестицион блоклар бўйича геология-қидирув ишлари олиб борилмоқда. Бу борада ҳамкорлар сифатида «Socar» (Озарбайжон), «British Petroleum» (Буюк Британия), «Total» (Франция), «Лукойл», «Газпром», «Татнефть» (Россия), «Мубадала» (БАА) ва «ONGC» (Ҳиндистон) компанияларини таъкидлаш мумкин.

Углеводородлар истеъмоли ўсиб бораётгани ҳисобга олинган ҳолда 2019-2030 йиллар мобайнида соҳага тахминан 9,8 миллиард доллар, шу жумладан, геология-қидирув ишлари учун 3,5 миллиард доллар ва табиий газ ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун 6,3 миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб этиш режалаштирилган.

Табиий газ оқимлари ҳамда магистрал газ узатиш тизимини модернизация ва мониторинг қилиш тизими (SCADA)ни жорий этиш режалаштирилган. Шу мақсадда «Ўзбекнефтгаз» АЖ 2019-2025 йилларда халқаро молия институтларининг 1,5 млрд долларга яқин кредитларини жалб этиш устида иш олиб бормоқда.

Юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган нефть-кимё ва кимё саноати жадал ривожланмоқда.

Жумладан, «Шўртан» газ-кимё мажмуасини нафтани қайта ишлаш GTL лойиҳаси бўйича (қўшимча қиймати +480 млн. доллар) кенгайтириш лойиҳаси амалга оширилиш арафасида турибди.  Бунинг натижасида қўшимча тарзда полиетиленнинг 280 минг тонна янги тури ва 100 минг тонна полипропилен ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

GTL технологияси бўйича 1,5 миллион тонна синтетик суюқ ёқилғи, 743,5 минг тонна дизел ёқилғиси, 311 минг тонна авиакеросин, 431 минг тонна нафта ва 50 минг тонна суюлтирилган ишлаб чиқариш бўйича лойиҳани амалга ошириш давом эттирилмоқда.

Ушбу ва бошқа вазифаларнинг амалга оширилиши 2030 йилга бориб табиий газни чуқур қайта ишлашни 6 баробар ошириш имконини беради.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати

Leave A Comment

Click to listen highlighted text!