Welcome to Uztransgaz   Click to listen highlighted text! Welcome to Uztransgaz

ЗИРАБУЛОҚЛИК ГАЗЧИЛАР УСТОЗИ

Эрта тонг… Шуҳрат ака ҳар кунгидек барвақт уйғонади. Ҳовлини бир айланиб, экин-тикин, сигир — бузоқдан хабар олган бўлади. Вақтли туриб олган набирасини эркалаб бироз суҳбатлашади. Сўнгра турмуш ўртоғи Зумрад опа ва келини  бирга тайёрлаган нонушта дастурхони атрофига  бутун оила жам бўладилар. Нонушта асносида фарзандларининг ишлари қандай экани, бугун ким нима қилмоқчилиги, набираларнинг ўқишлари билан қизиқади. Фарзандларига оталик насиҳатини қилади, маслаҳат беради. Ишга кетадиганларга оқ йўл тилаб юзга фотиха тортилади. Бугун  ишхонага биринчи сменада бориладиган кун. Энди ишга, “ишжон”га…

…Қарийб 35 йилдирки, Шуҳрат Бобоқуловнинг кун тартиби шунга ўхшаб бошланади. Қарийб 35 йилдирки,  Шуҳрат ака ўзи учун қадрли ва севимли маскан – 2-Зирабулоқ компрессор станциясига, 500 нафардан ортиқ ходимни бирлаштирган қадрдон  жамоасига ошиқади. Сершовқин станция — ҳаётининг бир бўлаги. Шунча йил бир жойда меҳнат қилиб, шу жойга талпинишнинг  эса ўзи бўлмайди. Бунинг учун инсонда мустаҳкам ирода, касбига масъулият, жамоадошларга меҳр туйғулари баланд бўлиши керак.

— Шуҳрат аканинг меҳнат дафтарчасида фақат битта иш жойининг номи ёзилган. У ҳам бўлса Зирабулоқ қомпрессор станцияси, дейди  станция бош мухандиси Ҳасан Худоёров. 1985 йилда корхонага оддий машинист сифатида ишга қабул қилинган Ш. Бобоқулов  бугунги кунда Зирабулоқлик газчилар ўртасида  ҳурмат-эътиборга эга, фидойи ходим. Атрофдагиларнинг катта-кичигига бирдек эътиборли ҳурмат, иззат деган тушунчаларни жой-жойида қўлловчи бу инсон жамоада севимли  устоз сифатида ҳам обрў қозонган. Зирабулоқ станциясида устоз-шогирд ананаси бор. Аввалига тажрибали газчилар Аҳмад Набиулин, Мухтор Турдиев, Муртазо Қўзиевлардан ўрганиб ишлаган Шуҳрат ака айниқса, яна бир устоз Аҳмад Ўтагановдан миннатдор. У аввалига Аҳмад акадан иш ўрганган бўлса, кейинроқ устозининг ўғли Меҳриддинга шу касб сирларини баҳоли қудрат ўргатиб келди.

Бугунги кунда смена мухандиси лавозимида меҳнат қилаётган ҳикоямиз қаҳрамонининг Ҳ.Худоёоров, В.Раимов, У.Жангиров ва бошқа  ўнлаб шогирдлари  устозидан  жуда кўп хислатларни ўрганишганини айтади. Иш жойига мунтазам вақтида келиш ва масъулият билан ёндашиш, инсонларга ва атрофга эътиборли бўлиш, ҳалоллик, бириктирилган вазифани  сидқи-дилдан адо этиш, сансоларликка йўл қўймаслик, бир фикр айтишда шошилмаслик кабилар шулар жумласидан.

Табиий газни йирик қувурлар орқали истеъмолчига етказиб бериш жараёни худди конвеердаги маҳсулотни назорат қилишдек масъулиятли. Бу ишда  яна — фикрни бир жойга жамлаганча ўта эътиборли бўлиш ва эҳтиёткорлик талаб этилади. Хавфлилик даражаси юқори ҳисобланувчи газ транспорти соҳасида шундай қилинмаса бўлмайди. Қувурлар узра шовуллаб ўтаётган бу табиий неъмат эртага қай биримизнинг хонадонимизда ош-овқатимизни беминнатгина пиширувчи зангори олов бўлиб порласа, қай бир корхонада тайёр маҳсулотни ишлаб чиқаришдаги муҳим саноат ашёси. Газ тармоқларининг бир маромда ишлаши — Шуҳрат ака каби минглаб газчиларнинг сершовқин шароитда кечувчи узлуксиз меҳнати ҳисобига таъминланади. Лавҳамиз қахрамони эса бу юмушни ўз вазифасигина эмас, балки, Ватан олдидаги масъулияти ҳам деб билади.

Зирабулоқлик газчи Ш. Бобоқулов — бахтли оиланинг бошлиғи. Турмуш ўртоғи Зумрад опа билан 3 ўғил 1 қизни тарбиялаб вояга етказдилар. Катта ўғиллар Сардор ва Элдор уйланган. Оиланинг эрка  қизи Сарвинозхон турмушга чиққан. Данагидан мағзи ширин набиралари ҳозирча 6 нафар. Энди оила қуриш навбати кичик ўғил  Беҳзодга. У Бухоро мухандислик — техника институтининг нефт-газ йўналишида ўқиб, мутахассислик дипломини қўлига олди.  Бугун ота изидан борган кенжа ўғил  нефт-газ соҳасида меҳнат қилишга тайёр мутахассис. Мамлакатимизда ёшларга эътибор ортган ҳозирги кунда Беҳзод ҳам иш жойини топиб, отасидек ҳалол ва фидойи ходим бўлиб меҳнат қилиши шубҳасиз.  Зеро “От изини – той босар”  деган нақл бежиз айтилмаган.

Шуҳрат ака ҳақида мақола учун маълумот сўраб Зумрад опага боғлангандик, мақсадимизни тушунгач, аёлнинг кўзларида ёш айланди. Бу кўз ёшларлари  турмуш ўртоғининг ҳалол меҳнати эътирофидан мамнунлик рамзи экани маълум. Зирабулоқлик меҳнатидан қадр топган газчи Шуҳрат ака каби ўз касбининг усталари бор бўлишсин. Унинг келгуси фаолиятларида муваффақият тилаймиз!  Устоз-мураббийлар байрами арафасида Шуҳрат ака каби камтарин меҳнаткаш юртдошимиз ҳақида ёзмай, кимни ёзардик? Нима дедингиз…

                      “Ўзтрансгаз” АЖ Ахборот хизмати

Leave A Comment

Click to listen highlighted text!