Жиддий тайёргарлик иш сифатини белгилайди

Ёзнинг қуёшли, иссиқ тафти ортда қолиб, кузнинг салқин кунлари ҳам бошланиш арафасида. Бу мавсум тизимда хизмат қилаётган соҳа мутасаддилари учун ўзига хос “синов даври”, дейиш мумкин. Чунки, аҳоли турар-жойларини, ижтимоий соҳа ва ишлаб чиқариш объектларини мавсумдан беталофат олиб чиқиш масъулиятли ва муҳим вазифадир.
“Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш жараёнини тизимли йўлга қўйган бўлиб, аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш ишлари айни вақтда авжида.
Биргина, Фарғона вилоятининг барча шаҳар ва туманларида авария ҳолатларини бартараф этишга 21 та тезкор ишчи гуруҳи жалб этилган. Албатта, жойлардаги камчиликларни ўрганиш, уларни ижобий ҳал этиш фуқароларнинг қишдан беталофат чиқишини таъминлайди.
Сир эмас, аввалги йилларда куз-қиш мавсумида газ таъминотида қатор муаммолар юзага келарди. Жорий мавсумда ҳудудлардаги газ қувурларини реконструкция қилиш ишлари сезиларли тезлашган. Ҳозирга қадар, 20,7 км газ қувурининг 13,96 км (67,5%) таъминланди. Қолган қисми 1 ноябрга қадар тугатилади.
Назорат – иш сифатини яхшилайди, самарадорликни оширади. Соҳа вакилларининг ўз ишига масъулият билан ёндашишига туртки бўлади. Тизимдаги назорат тартибли йўлга қўйилгани, албатта, қувонарли ҳол.
Тайёргарлик жараёнида газ тақсимлаш қурилмаларини тафтиш қилиш ишлари ҳам талаб даражасида бажарилди. Истеъмолчига табиий газнинг узлуксиз ҳамда сифатли етказиб берилишида асосий восита бўлган газ қувурларини босим остида зичлигини синаш ва ҳаво ёрдамида тозалаш ишлари юқори даражада амалга оширилди. Йиллик ҳисоботга кўра, белгиланган режа амалда тўлиқ бажарилди.
Газ қувурларини бўёқлаш ишлари ҳам юқори даражада амалга оширилди. Шу билан бир қаторда, ер ости газ қувурларининг ҳолати махсус асбоблар ёрдамида тўлиқ текширувдан ўтказилди. Демак, Фарғонада қиш “қишлигини қилолмайди”.

“Ўзтрансгаз” АЖ
Ахборот хизмати

Leave A Comment