Welcome to Uztransgaz   Click to listen highlighted text! Welcome to Uztransgaz

Ёшларнинг билимга чанқоқлиги – устозга куч беради

“Урганчтрансгаз” Унитар корхонаси  “Ўзтрансгаз” Акциядорлик жамияти таркибидаги  муҳим тузилмалардан бири. Қарийб 3 минг кишилик корхонани бир Ватан  десак, унинг ичида кичик  Ватан каби  Ўқув-соғломлаштириш марказининг ҳам  ўз ўрни бор.  Нефт ва газ соҳасига зарур   мутахассис тайёрловчи ушбу марказда  ҳар йили 600 нафар мутахассис ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда  таълим олади, малака оширади. Бу қисқача ифодалансада, унинг замирида ўнлаб устоз ва мураббийлар  меҳнати ётгани сир эмас. Марказга иқтисод фанлари номзоди, тажрибали ўқитувчи Баҳром Авезов етакчилик қилмоқда. Биз  у билан марказ фаолияти, ўқитувчиликнинг машаққатлари, ўзига хосликлари ҳақида суҳбатлашдик. Дастлаб ўқув юрти фаолияти тўғрисида сўрадик.

АВЕЗОВ — Марказ 1974 йилда  ташкил топган. Ўшанда собиқ   Иттифоқ    ҳудудида шу каби 4 та ўқув комбинати бўлиб, минтақавий аҳамиятга эга эди.  Тор доирада мутахассис тайёрловчи марказимиз  Республикада  ягона ҳисобланади. Бугунги кунда  газ транспорти бўйича ходимдан талаб қилинадиган билимларни текшириш, касбга йўналтириш, қайта тайёрлаш  ишлари шу марказда омалга ошириляпти. “Тармоқли қувур ўтказувчилар”, “Электрпайвандчилар”, “Электр ускуналарини таъмирлаш, уларга хизмат кўрсатиш электромонтёри”, ”Ер ости қувурларини электрокимёвий химоялаш монтёри”, “Технологик компрессорлар машинисти” каби  йўналишлар бўйича ўқитилаётган марказ  ҳудудида амалий машғулотлар учун дала шароитидагидек махсус полигонлар ташкил қилинган. Замонавий аудиториялар, компьютерлар,  3000 китоб фондли техник кутубхона бор.

МУХБИР – Яқинда бир ёши улуғ мутахассис билан суҳбатимизда айни шу борада муаммо — китобларни давлат тилига ўгириш  зарурати борлигини айтдилар. Бугун сизлар шу  масалада қандай йўл тутмоқдасиз?

АВЕЗОВ – Соҳага оид қўлланмалар аввалдан асосан рус тилида бўлган. Лотин алифбосида ўқитилган ҳозирги айрим ёшлар ичида  шу масалада камчилик бор. Бу нафақат соханинг, балки жамиятнинг муаммоси. Сўнгги йилларда  нефтгаз  тармоғи  терминларининг луғати кирилл алифбосида  чоп этилди.  Кимдир ўша кириллча луғатни ҳам ўқий олмаса, бу энди ёш ходимнинг муаммоси. Ўзбек тилида ҳам дарсликлар бор. Бизда мураббийлар  машғулотларни  ўзбек тилида олиб боришади. Машғулотларда лекцияларга эмас, асосан  амалий машғулотларга таянамиз. Таъмирлаш цехида ускуналарнинг кесим макетлари худди  ҳаётдагидек кўрсатилади. Газ энерго таъмирлаш корхонасида амалий дарс ўтилади. Газчилар  посёлкасидаги  Заунғур МГҚБдаги жараён билан таништириш йўлга қўйилган. Газ тақсимлаш станцияларига борилади. Электриклар симёғочга тирмашиб чиқиб амалдагидек иш бажаришади ва ҳоказо.

МУХБИР – Ходимларни ўқишга жалб этиш қай тартибда бўлади ?

АВЕЗОВ — Ҳар йили  кузда тизим  ташкилотларидан эҳтиёжлар ҳақида маълумот йиғиб, янги йилга режа тузилади. Бу ерда  бир вақтда  180 кишини ўқитиш имконияти бор. Марказимизда мамлакатимиз нефт-газ тизимида ишлаётган  ходимларнинг  30 фоизи турли шаклларда таълим олган.

 МУХБИР – Марказ ходимлари ичида  ҳурматига сазовор устоз-мураббийлар деб  кимларни айта оласиз?

АВЕЗОВ — Комилжон Аҳтамов — республикамизда  у киши  ўқитмаган газ пайвандчи йўқ, деса бўлади. Хавфсизлик техникаси бўйича Одамбой Ботиров,  Электротехникадан Даврон Отабоев. Буларнинг ҳаммаси  шу марказда камида  30 йиллик тажрибага эга мураббийлар. Ҳозирда устоз-шогирд ананасига кўра институтни тамомлаган ёшларни ҳам дарс ўтишга жалб қиляпмиз. Хушнудбек Полвонов  улардан бири.

МУХБИР – Сиз Иқтисод фанлари номзодисиз. Университетнинг собиқ ўқитувчиси, ҳозирда  ўқув марказида раҳбарсиз. Фаолиятингиз ўқитиш билан бевосита боғлиқ. Ўқитувчилик осон эмас. Шу  касбни танлаганингиздан афсусланган пайтларингиз ҳам бўлганми?

АВЕЗОВ – Ўқитувчилик касблар ичида  энг мураккаби, шарафлиси шунингдек баракалиси ҳам. Инсоннинг ўзи шу касбни тўғри танлаб, тўғри ишласа ундан бой одам бўлмайди. Буни айниқса шогирдлар ҳурматини кўрганимда янаям кучли ҳис қиламан. Авваллари анча муддат ўқитувчилик  эътибордан қолиб келди. Маоши  ҳам кам эди. Олиб чиқиб кўча супуртириш ҳоллари бўлди.  Турмуш  ўртоғим ўқитувчи. Улар бир куни кўп қаватли уй атрофини супуриб туришганида,  лаш-лушларини машинага жойлаб тўйга кетаётган яллачи хотин боласига дакки бераётганми. — Яхши ўқи, уйда дарсларингни вақтида қилгин, бўлмаса  мана буларга ўхшаб кўча супуриб юрасан, дермиш. Бу латифага ўхшайди лекин ҳаётда бўлган гап. Мана энди бугунга келиб ўқитувчилик уят бўлмай қолди.  Касбга эътибор ортди. Иш ҳақлари оширилди. Ўз устида ишлаганларни рағбатлантирилмоқда.  Энди педагогикага кучли кадрлар яна қайтади.  Ўзим эса ўқитувчиликни танлаганим эмас, ўртада бир неча йил бошқа ишга  кетиб колганимдан афсусланган вақтларим бўлган. 1992 йилда хокимиятга ўтиб ишлаганимда,  ўзимни касбим яхши эди, дея афсусланганман. Бугун ҳаётимдан, фаолиятимдан мамнунман.

МУХБИР – Устоз марказда ишлаётганингизга ҳам 12 йилдан ошди. Ўзингиз дарс ҳам  ўтсангиз керак…

АВЕЗОВ — Бугун марказда 40 нафарга яқин ходим ишлайди. Касбимиз масъулиятли. Иш жараёнида гоҳида  айрим ёшлардаги бефарқликни кўриб, миллиардлаб қийматларда баҳоланадиган ускуналарни уларга топширишнинг — ўзи бўлмайди,дея ўйланиб ҳам қолади киши.   Тингловчи чиройли кийиниб олиб дарсда ўтиргани билан  устоз бераётган маълумотларга бефарқ бўлса, бу  ҳолат мураббийни ҳам ишдан совутади. Аксинча, қизиқишларини нигоҳи, эътибори  билан сездириб зарур билимни ололса  уни энди завқи бўлакча. Ёшларимизга шуни тилайман чунки бу —  устозга куч беради.

МУХБИР – Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.  Сизни ва “Урганчтрансгаз” унитар корхонаси ўқув-соғломлаштириш маркази  ходимларини 1 Октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий табриклаймиз!

Шарафли ишингизда омад ёр бўлсин!

“Ўзтрансгаз” АЖ Ахборот хизмати

Leave A Comment

Click to listen highlighted text!