Вилоятда иш суръати тезлашди…

Қўқон шаҳар ҳудудида ишлаб чиқариш ҳамда ресурс салоҳиятларига комплекс ва самарали фойда келтириш мақсадида эркин иқтисодий зона ташкил этилгани ҳамда қўшимча бўш иш ўринларининг жорий этилиши аҳоли даромади ва турмуш фаровонлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этиши, шубҳасиз.

Айни пайтда “Ўзтрансгаз” АЖ Фарғона вилояти газ таъминоти томонидан мазкур зонани газлаштириш, аҳолига мунтазам ва узлуксиз газ маҳсулотларини етказиб бериш, тармоқларни таъмирлаш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Қўқон эркин иқтисодий зонаси ҳудудига йўл, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш бўйича “Бош режа” ишлаб чиқилди. “Газлойиҳа” масъулияти чекланган жамияти томонидан лойиҳанинг смета ҳужжатлари тайёрланди ва белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилди. Унга кўра, 880 млн сўмлик маблағ ажратилди. Юқоридаги тармоқ тортиш учун асосланган ҳужжатларга кўра, жами 3360 п/м газ қувури тортиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 543п/м узунликдаги юқори босимли газ қувури тортилди. Монтаж ишларига 96 млн сўмлик пул маблағи сарфланди. Тармоқ тортиш ишлари “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан молияляштирилди. Ҳозирда газ қувурларини реконструкция қилиш 12,15 кмга бажарилган бўлиб, объектда таъмирлаш ишлари авжида. Фурқат ва Қўштепа туманларидаги газ тўлдириш шахобчаларининг қошида синов марказлари ташкил этилмоқда. Лойиҳа тасдиқланиб, ҳар иккала туманга алоҳида 250 млн атрофида яқин пул маблағи ажратилган. Синов марказларида қурилиш-монтаж ишлари олиб бориляпти. Табиийки, иш жараёнининг жадаллашуви бевосита автотранспортга боғлиқ. Бу масалада, “Ўзтрансгаз” АЖ Фарғона вилоят истеъмолчиларига суюлтирилган газ етказиб бериш хизматини яхшилаш мақсадида жорий йил якунига қадар 9 та махсус “ISUZU” автотранспорт ва 1 та автосиғим воситалари билан таъминлашни режага киритган.

Махсус машиналарни ҳарид қилиш бўйича “Фарғонагаз” филиали томонидан “Farg’ona Sam Avtotex Servis” МЧЖ ўртасида шартнома тузилди. Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Лойиҳалар ва импорт контрактларни комплекс экспертиза қилиш марказидан рўйхатдан ўтказилиб, “ Ўзтрансгаз” АЖ томонидан тўлиқ молиялаштирилди

Яна бир муҳим масала Фарғона вилояти аҳолисини маиший газ баллонлари билан таъминлаш даражасини ошириш бўлиб, бунда жами 75 минг 982 дона газ баллонлари ўз эгаларига етказиб берилиши режада кўрсатилган.

Жадал суръатларда олиб борилаётган амалий ишлар Давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига ташрифи давомида ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан берган топшириқлари натижаси бўлиб, ислоҳотлар самарадорлигини оширишда беқиёс аҳамият касб этмоқда.

Табиийки газ таъминоти идоралари ходимлари жойларда фаолият билан боғлиқ камчилик, муаммоларга дуч келишади. Галдаги масала камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ва олдини олиш, пировардида соҳада тизимли ҳамда тартибли иш механизмни йўлга қўйиш.

Фикр қолдириш