“Ўзтрансгаз” АЖ фаолиятида янгиланиш, модернизация ва истиқболли ҳамкорлик масалалари.

 

ЯНГИЛАНИШ, МОДЕРНИЗАЦИЯ ВА ИСТИҚБОЛЛИ ҲАМКОРЛИК

Ани пайтда пойтахимизда “Ўзтрансгаз” АЖ  фаолиятида янгиланиш, модернизация ва истиқболли ҳамкорлик масалалари” мавзуида Республика анжумани бўлиб ўтмоқда.

Унда “Ўзтрансгаз” АЖ ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси, ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ёнғинга қарши кураш жамияти ҳамда ОАВ вакиллари қатнашмоқда.

     

Мазкур тадбирда таъкидланишича, «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти томонидан барча ҳудудий газ таъминоти идораларининг фаолиятини яхшилаш борасида самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда. Бунинг натижасида эса эскича усулда ишлашнинг ҳар қандай шаклларидан тўлалигича воз кечиляпти. Қолаверса, тизим тасарруфидаги ташкилот ҳамда корхоналар фаолиятини тубдан яхшилаш механизмлари тобора ўзгариб боряпти. Жумладан, аҳолига суюлтирилган ҳамда табиий газни ўз вақтида етказиб бериш, куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, газ қувурларини мукаммал таъмирлаш Дастурларини муддатида бажариш ва газ тақсимлаш пунктларининг намунавий ҳолатдалигини доимий назорат қилишга катта аҳамият қаратилмоқда.

Бироқ, олиб борилаётган тадбирларга қарамасдан аҳоли ўртасида куз-қиш мавсумининг кириб келиши билан ностандарт, қўлбола ва автоматик бошқарув тизимига эга бўлмаган иситиш қозонларидан фойдаланиш ҳамда газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Жумладан, ўтган йиллар куз-қиш мавсумида дудбуронлари носоз бўлган иситиш қозонлари ва ускуналардан фойдаланилиши натижасида кўплаб инсонларнинг ис газидан заҳарланиш ҳолатлари рўй берган.

Афсуски жойларда олиб борилаётган тушунтириш ва тарғибот тадбирларига қарамасдан аҳоли орасида (айниқса кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли ўртасида) табиий ва ис газларидан заҳарланиш, турли хил тан жароҳатлари олиш билан боғлиқ нохуш ҳолатлар учрамоқда. Газдан оқилона фойдаланиш, газ жиҳозларини беҳуда ишлатишга йўл қўймаслик, ноқонуний  йўллар билан газ тармоғига  уланишларга барҳам бериш, дудбурон ва шамоллатиш йўлларини ўз вақтида мутахасислар томонидан кўрикдан ўтказишни амалга ошириш истеъмолчилар учун шартдир. Бунинг билан биз биргаликда нохуш ходисаларни олдини олган бўлар эдик, – дейди “Саноатгеоконтехназорат” ДИ Газ хўжалигидан хавфсиз фойдаланишни назорат қилиш тармоқ инспекцияси бошлиғи Хикматилла Юсупов

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилнинг 24 октябрдаги “Аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар Дастури”да белгиланган вазифаларни амалиётга тўла қонли тадбиқ этиш мақсадга мувофиқлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Дастурга асосан ҳар йили 1 ноябрга қадар аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектларидаги газ ва иситиш жиҳозлари, дудбуронлари ҳамда вентиляция тизимларининг куз-қиш мавсумидан олдин техник кўрикдан тўлиқ ўтказиш белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил
12 январдаги 22-сон қарори иловасига асосан аҳоли билан табиий газ етказиб бериш бўйича тузилган шартномаларда аҳолининг дудбурон ва винтеляция каналларини доимий соз ҳолатда сақлаши ва ўз вақтида кўрикдан ўтказиши белгилаб қўйилган.

Табиий газ ҳамда ис гази билан заҳарланиш ҳолатлари иситиш тизимига табиий газни улашда меъёрий талабларга риоя этмаслик ҳамда фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик, иситиш учун мўлжалланган печлар ҳамда мўриларнинг соз ҳолатда эмаслиги, яхши тозаланмаганлиги боис юзага келади. Жойларда газдан хавфсиз фойдаланиш юзасидан аҳоли ўртасида кенг тарғибот ишларини ташкил этиш ва бугунги кунда кўп учраётган ис газидан заҳарланишдек салбий ҳолатларнинг олдини олиш долзарб масала.

Шундан келиб чиқиб, маърузачилар ис гази ва ҳаво-газ аралашмаси чақнаши натижасида заҳарланиш, шунингдек, нохуш ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги ишларга жиддий ёндашиш зарурлигини уқтириб ўтишди. Анжуманда бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан кўп томонлама  хамкорликни янада кучайтиришга келишиб олинди ва кенг қамровли тадбирларни ҳудудий тузилмаларда ҳам амалга ошириш масаласи алоҳида режага киритилди.

Қувонарлиси, “Ўзтрансгаз” АЖ истеъмолчиларга белгиланган тартиб асосида табиий ҳамда суюлтирилган газни узлуксиз, хавфсиз етказиб бериш ишларини ижобий ҳал этган. Ишлаб чиқилган механизм энг чекка ҳудудларни қамраб олгани билан аҳамиятли бўлмоқда. Айни вақтда мамлакатимиз бўйича 3 миллион 353 минг хонадонга табиий газ, 3 миллион хонадонга эса суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Истеъмолчилар ўртасида табиий ва суюлтирилган газдан хавфсиз фойдаланиш бўйича 330 минг 589 та эслатма, 4 минг 182 маротаба суҳбат, радио ва аҳоли кўп йиғиладиган жойларда мингдан зиёд эшиттириш, телевидение орқали 396 маротаба чиқиш ва видеороликлар ишлаб чиқилиб, тарғибот ишлари доимий равишда олиб бориляпти.

 

“Ўзтрансгаз”

акциядорлик жамияти

Ахборот хизмати

тел.:239-11-50

Фикр қолдириш