«Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2018»

“Ўзэкспомарказ” миллий кўргазма мажмуасида “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2018” 22- халқаро кўргазмаси очилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси шафелиги ҳамда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ва “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган ушбу халқаро тадбир юртимиз нефть-газ саноати салоҳиятини намойиш этиш орқали соҳа равнақига пухта замин яратади. Шу билан бирга, иштирокчилар нефть ва газ қазиб олиш, углеводородларни ташиш, қайта ишлаш борасида эришилган муваффақиятлар билан яқиндан танишишга муваффақ бўлади.

 Унда Ўзбекистон, Япония, Хитой, АҚШ, Жанубий Корея, Сингапур, Франция, Буюк Британия, Германия, Италия, Австрия, Швейцария, Россия, Туркия, Эрон, Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон каби давлатлар компаниялари ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этмоқда.

Кўргазманинг очилишида мамлакатимизда иқтисодиётнинг барча тармоқларини, жумладан, нефть-газ соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди. Нефть-газ саноати мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидандир. Ўзбекистон дунё мамлакатлари орасида табиий газ қазиб олиш бўйича етакчи ўринлардан бирида туради. Мамлакатимиз табиий газ казиб чикариш бўйича МДҲ да учинчи, дунёда 8 ўринда туради.  Ўзбекистоннинг 5 та нефт ва газга бой минтақаларида углеводород хомашёсининг 250 та кони очилган.

Кейинги йигирма беш йилда Ўзбекистон нефть ва газ саноатида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Мамлакатимиз газ, полиэтилен ва қайта ишланган нефть маҳсулотларининг йирик экспортчисига айланди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев  ташаббуси билан иқтисодиётни эркинлаштириш, унинг барча соҳаларини, жумладан, нефть-газ тармоғини янада ривожлантиришга хизмат қиладиган қулай сармоявий муҳит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳада янги иншоотларни барпо этиш, мавжудларини замон талаблари асосида реконструкция ҳамда модернизация қилиш ишлари жадал давом этмоқда. Ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, ички бозорда маҳаллий маҳсулотлар улушини кўпайтириш, маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, корхоналараро кооперация алоқаларини ривожлантириш учун қулай шароит, имконият ва имтиёзлар яратилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиздаги заводларда нефть қайта ишланмоқда, автобензин, дизель ёқилғиси, мазут, нефть мойлари, битум, авиакеросин ишлаб чиқарилмоқда. Газни қайта ишловчи заводлар эса суюлтирилган газ ва полиэтилен ишлаб чиқаришни янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай сармоявий муҳит, кенг имконият ва имтиёзлар чет эллик ишбилармонларнинг ҳамкорликка қизиқишини тобора оширмоқда. “Ўзбекистон нефть ва гази” кўргазмаси иштирокчилари сафининг йил сайин кенгайиб бораётгани эса юртимиз нефть-газ саноати салоҳиятининг юксалаётганидан яна бир далолатдир.

“OGU 2018” кўргазмаси мутахассисларга нефть ва газ қазиб олиш, углеводородларни ташиш, қайта ишлаш борасида миллий ва хорижий компаниялар эришган энг сўнгги ютуқлар билан яқиндан танишиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Кўргазма павильонларидан нефть ва газ қазиб олиш, қайта ишлашни жадаллаштириш имконини берадиган замонавий технологиялар жой олган. Етакчи нефть-газ компаниялари нефть ва газни ташиш технологиялари, нефть-газ конларини қидириш ва ўзлаштириш, геодинамика, геофизика ҳамда углеводород салоҳиятига оид ишланмалар бўйича ўзлари эришган энг сўнгги ютуқларни намойиш этмоқда.

Кўргазма нефть ва газ қазиб олиш, нефть ва газ қудуқлари, қурилиш ва фойдаланиш, янги машинасозлик маҳсулотлари, нефть ва газни қайта ишлаш, сақлаш ва ташиш, нефть кимёси, нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш, нефть ва газ саноати иншоотларини қуриш, геология, геофизика, сейсмик ускуналар ва хизматлар, қувурлар, компрессорлар, назорат-ўлчов асбоблари, техника хавфсизлиги ва ёнғиндан ҳимоя, экологик хавфсизлик, дастурий таъминот, компьютер тизимлари, электротехника ва энергетика ускуналари, алоқа ва телекоммуникация каби бўлимлардан иборат.

Кўплаб мамлакатларнинг ёқилғи-энергетика мажмуи раҳбарлари, олим ва мутахассислар, ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этаётган “OGU 2018” кўргазмаси нефть-газ соҳаси борасида фикр ва тажриба алмашиш, ўзаро фойдали бизнес алоқаларини ўрнатиш ва мавжуд ҳамкорликни янада ривожлантириш, биргаликда янги лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, янги шартномалар имзолаш имконини беради.

Кўргазма доирасида халқаро конференция, ёш олимлар сессияси, «Ёшлар куни» каби бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда.  Тадбир 18 майгача давом этади.

Ўзтрансгаз Матбуот хизмати

Фикр қолдириш