КОНСТИТУЦИЯ – АДОЛАТ ҚОМУСИ

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 20 июнь куни «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойишни имзолаган эди.

Мазкур Фармойиш Ўзбекистон Конституциясининг ҳаётдаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, фуқаролар, айниқса, ёшлар қалбида қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат туйгусини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш ҳамда Асосий Қонун қабул қилинганининг йигирма беш йиллик санасини кенг нишонлаш мақсадида қабул қилинган.
Конституция ҳар бир инсон, фуқаронинг ҳуқуқий хулқ-атворини белгилаб беради. Уни билмай туриб, ҳуқуқий маданиятга эришиб бўлмайди. Шу маънода, Конституция ҳуқуқий маданият асоси, миллий қонунчилик негизи эканини, Конституцияга садоқат Ватанга ва ўз халқига садоқатни келтириб чиқаришини инобатга олиб, Асосий Қонунни ўрганиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани айниқса диққатга сазовор. Аслида ҳам, Конституция – ҳуқуқий билимлар биносининг пойдеворидир. Конституциянинг қабул қилиниши ижтимоий ва давлат қурилишининг барча жабҳаларидаги муносабатларни, миллий қонунчилигимизнинг барча соҳаларини тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий тизимни ташкил этди. Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз парламенти Конституция нормаларига мувофиқ 8 та конституциявий қонун, 16 та кодекс, 800 дан зиёд қонунни қабул қилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 1992 йил 8 декабрдан буён, яъни 25 йил ичида саккиз маротаба ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Шуни айтиш керакки, Ўзбекистон Конституцияси катта аҳамиятга эга қомусий ҳужжатдир. Ўзбекистон Конституциясининг ғоя ва нормаларида халқимизнинг кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятлари, бой тарихий-ҳуқуқий мероси акс эттирилгани унинг ҳаётийлигининг кафолати бўлди.

          “Ўзтрансгаз” акциадорлик жамиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда “Ўзтрансгаз”АЖ Марказий аппарати ходимлари, Тошкент шаҳри ва вилояти газтаъминот филаллари вакиллари, соҳа фахрийлари иштирок этишди.

Тадбирда жамият бошқарув раиси ўринбосари О.Аманов сўзга чиқиб,  Конституциямизнинг барча тамойиллари, аввало, инсон ва фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги, давлатнинг мажбурияти ушбу ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашда акс этиши хусусида тўхталиб ўтди.

         Дарҳақиқат, Бош қомусимиз инсонларнинг озод ва обод яшаши, меҳнат қилиши, илм олиши, фикрлаш ва сўзлаши, сайлаш ва сайланиши, тил ва дин эркинликларидан фойдаланиши каби ҳуқуқларининг асосий кафиллигини олувчи Асосий қонун сифатида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини олий даражага кўтарди.

 

         Бугунги кунда дунёда кескинлик ва хавф-хатарларнинг тобора ўсиб, геосиёсий қарама-қаршиликлар, ўз таъсир доирасини кенгайтиришга қаратилган курашнинг кучайиб бораётгани, радикализм, терроризм ва экстремизм каби таҳдидлар кучайиб бормоқда. Бу эса тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етишимиз, бунга шукуроналик келтиришимиз ва шу ҳаётимизга рози бўлиб яшашга чақиради. Мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий ва сиёсий ислоҳотлар, фуқароларимизнинг турмушини яхшилашга, қудратли давлат барпо этишга, халқ хўжалигининг барча соҳалари, шу жумладан маданият, санъат ва маорифни ривожланиши ва тараққий эттиришга, бир сўз билан айтганда, обод ва фаровон ҳаёт қуришга, бунёдкорликка қаратилган. Бу ишларни амалга оширишда “Ўзтрансгаз” акциадорлик жамиятининг, хусусан унда сидқидилдан хизмат қилаётган кўплаб жонкуяр ходимларнинг ҳам ҳиссаси бор.   Жумладан, жойларда  газ тармоқларининг бир маромда ишлашини таъминлаш, уларни мукаммал таъмирлаш, реконструкция қилиш, газ тақсимлаш пунктларини назорат-текширувидан ўтказиш, катта босим остида синаш, бардош бера олмаганларини янгисига алмаштириш, қувурларни бўёқлаш юмушлари,  Қолаверса, намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уйлар газлаштириш каби ўта муҳим бўлган вазифалар амалга оширилмоқда.

Ҳозирги пайтда ходимларимизнинг мардоновор меҳнати ила республика бўйича 6 миллион 102 минг 608 та хонадон газлаштирилган бўлиб, шундан 3 миллион 320 мингга яқини табиий газ, 2 миллион 782 мингдан ортиғи суюлтирилган газ билан таъминланмоқда.

 Шунингдек, олдимизда турган вазифаларни амалга оширишда хусусан,   газ таъминоти тизимидан хавфсиз ва оқилона фойдаланиш, ортиқча йўқотишларнинг олдини олиш кабиларни амалга оширишда биз албатта мана шу меҳнаткаш ходимларга суянамиз. 

Тадбирда таъкидланганидек, қўлга киритилган натижалар асло хотиржамлик кайфиятини уйғотмаслиги керак, мавжуд имкониятлар, салоҳиятлардан тўлақонли фойдаланиш учун кенг кўламли ишларни амалга ошириш зарур.                                  Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган кафолатлар ва ифода этилган нормаларни кундалик ҳаётда қарор топтириш, жамиятда қонун устуворлигига эришиш, иқтисодиётнинг жадал суръатлар билан ўсишига ҳисса қўшиш ҳар бир газ ходимининг Конституциявий бурчи бўлиб қолмоғи лозимлиги алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 октябрдаги фармонига мувофиқ таъсис этилган  “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонларига 12 нафар газ тизимида самарали меҳнат қилаётган ходимлар ҳам созовор бўлишди. Тадбирда мазкур эсдалик нишонлари билан тақдирланганлар ва соҳада хизмат қилаётган ходимларни жамият раҳбарияти асосий Қомусимиз қабул қилинганлигининг 25 йиллиги билан табриклаб, хар бир ходим алоҳида тақдирланди.

 

“Ўзтрансгаз” АЖ
Матбуот хизмати