ТУРМУШДА ГАЗДАН ХАВФСИЗ ФОЙДАЛАНИШ

 Аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш, газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши каби бахтсиз ходисаларнинг олдини олиш мақсадида “Ўзтрансгаз” АЖнинг буйруғи имзоланиб, унга асосан акциядорлик жамияти ва унинг тизим корхоналари учун жорий йилнинг 20 октябридан 20 ноябрига қадар  республика ҳудудида “Газ ускуналари ва иситиш жиҳозларидан ҳавфсиз фойдаланиш ойлиги” деб эълон қилинди.

  

“Ўзтрансгаз” АЖ ташаббуси билан 2017 йил 28 ноябрь куни Тошкент шаҳаридаги “Hyndham Hotel Tashkent” меҳмонхонаси анжуманлар залида “Турмушда газдан хавфсиз фойдаланиш” мавзусида III-республика семинари ташкил этилди.  Унда “Ўзтрансгаз” АЖ раҳбарияти, компания тизимидаги масъул ходимлар, Ички ишлар, Фавқулотда вазиятлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, бир қатор манфаатдор идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат 300 дан ошиқ иштирокчилар қатнашди. “Турмушда газдан хавфсиз фойдаланиш”мавзусида семинар ташкил этилишидан асосий мақсад жойларда газдан хавфсиз фойдаланиш юзасидан аҳоли ўртасида кенг тарғибот қилишни ташкил этиш ва бугунги кунда кўп учраётган ис газидан заҳарланишдек салбий ҳолатларни олдини олишдан иборат”-дейди семинар ташкилотчилари. Маълумки, қиш фаслида табиий газга бўлган эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади. Шундай пайтларда аввало табиий газдан ҳавфсиз ва оқилона фойдаланишга эътиборни кучайтириш талаб этилади.     
          Аҳоли томонидан хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган қўлбола, ностандарт газ жиҳозларидан фойдаланиш, газ тармоқларига резина шланг орқали уланиш, носоз ҳолатдаги дудбуронлардан фойдаланиш ҳамда хонадон ичида очиқ оловдан иситиш мақсадида фойдаланиш ҳолатларининг учраб туриши фуқароларининг ис газидан заҳарланишига ҳамда ҳаво ва газ аралашмасини чақнаши натижасида жабрланиши ва хаттоки ҳалок бўлишига сабаб бўлмоқда. Ис гази хонадонларимизда фойдаланиладиган табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, кўмир ва органик моддаларнинг чала ёнишидан ҳосил бўладиган газдир. Ис гази инсон организмининг нафас йўллари ва нафас аъзоларига кучли таъсир қилади ва нафас йўллари орқали организмни, хусусан, марказий асаб системасини зарарлайди. Ис газидан қатор органик моддалар синтез қилувчи корхоналарда, гаражларда вентиляция ёмон бўлганда, янги бўялган, шамоллатилмайдиган хоналарда, шунингдек, уй шароитларида табиий газ ёниб турганда ва печка билан иситиладиган уйларда печка қопқоғи ўз вақтида ёпилмаганда заҳарланиб қолиш мумкин.

Табиий газ – бу асосан (98%) метан (СН4) ҳамда 2% бошқа оғир углеводородлар (пропан, бутан, этан, гексан ва бошқалар)дан иборат бўлган газдир.Метан газнинг 1 м3 ни ёқиш учун 9,5 м3 ҳаво керак бўлади. Газ асбоби сурункали ишлатилганда газ асбоби ўрнатилган хонани эшик ва деразаларининг зич ёпилишида метан газининг ёниши учун керак бўладиган ҳаво миқдорини камайиб кетиши ва метан газини тўлиқ ёнмаслиги натижасида ИС ГАЗИни келтириб чиқариши мумкин.

Бундай ҳолатни пайдо қилувчи, иштирокчи ва жабр кўрувчи ҳам  инсонларнинг ўзлари бўлаётганлигига алоҳида эътибор қаратиш шарт. Айниқса, юзага келаётган айрим талофатларда ёш болаларни жабр кўраётганлиги ва болалар ўлимининг юзага келаётганлиги эса ўта ачинарли ҳолдир. Бу мудҳиш воқеаларнинг асосий сабаби аҳолининг кўп ҳолларда турмушда хавфсизлик талабларини билмаслиги ёки уларга бепарволик билан қараши бўлиб келмоқда.

Айрим хонадон эгалари томонидан газ хўжалиги корхоналари ходимларини хонадонларига киритмаслиги ва ушбу хонадонда ўрнатилган газ асбобларига белгиланган муддатларда техник хизмат кўрсатилмаслиги натижасида газ асбобларини фойдаланишга яроқсиз холатга келиб колиши, газ жўмраклари ва газ асбобларидан газ сизиб чиқиши натижасида портлаш, газдан заҳарланиш ҳолатларига дуч келинмоқда.                                                            
            Тадбирда фавқулодда вазиятлар содир бўлганда амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар, турмушда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, жабрланувчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, юзага келиши мумкин бўлган талофатларни олдини олиш бўйича кўрилиши лозим бўлган амалий ҳаракатлар ва мавзуга доир бошқа йўналишларда маърузалар ўқилиб, муҳокама қилинди ва видеороликлар намойиш этилди.                      

Семинарда тадбир иштирокчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан берилган савволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди. Бу каби семинарларни жойларда кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда самарали ташкил этиш бўйича келишиб олинди.  

“Ўзтрансгаз” АЖ Матбуот хизмати