TO'LOV TARTIBI

1.     Аҳолининг газ билан таъминлаш корхоналаридан олинган газ учун ўзаро ҳисоб-китоби

Аҳоли тузилган шартномаларга ва газ билан таъминлаш корхонаси томонидан берилган абонент китобчаларига асосан, ой якунлангандан сўнг 10 кун мобайнида ҳисоблаш ускуналари кўрсаткичлари ёки белгиланган нормативлар бўйича истеъмол қилинган газ ҳажмларини тўлайди.

Белгиланган муддатда газ қиймати қисман ёки тўлиқ тўланмаган тақдирда, газ билан таъминлаш корхонаси 2 кунлик муддат мобайнида истеъмолчини ҳосил бўлган қарзни ўн кунлик муддат ичида тўлаш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади.

Белгиланган муддатда истеъмолчи олинган газ қийматини тўламаган тақдирда, газ таъминоти тармоғидан газ узиб қўйилади, келгусида истеъмолчидан дебиторлик қарзини ундириш газ билан таъминлаш корхонаси томонидан қонунларда белгиланган тартибда амалга оширилади.      

 

2.     Бюджет ташкилотининг газ билан таъминлаш корхоналаридан олинган газ учун ўзаро ҳисоб-китоби

Бюджет ташкилоти ҳисоб-китоб ойи бошлангунга қадар энг камида 5 кун олдин истеъмол қилинадиган газнинг тузилган шартномада кўрсатилган ойлик ҳажми қийматидан энг камида 15% миқдорда олдиндан тўловини амалга ошириши шарт.

Олдиндан тўлов суммаси ўтказилмаган тақдирда, бюджет ташкилотига газ етказиб берилиши амалга оширилмайди.

Бюджет ташкилотлари олинган газ учун якуний ҳисоб-китобни ҳисоб-китоб ойи тугагандан сўнг 30 кунгача амалга оширади.

Ҳисоб-китоб ойида етказиб берилган газ ҳажми ҳисоблаш ускуналари кўрсаткичлари асосида аниқланади ва ҳисоб-китоб ойи тугагунга қадар 5 кун мобайнида бюджет ташкилоти ва газ билан таъминлаш корхонаси ўртасида газни қабул қилиш-топшириш далолатномаси билан расмийлаштирилади.

Белгиланган муддатда якуний ҳисоб-китоб амалга оширилмаган тақдирда, газни қабул қилиш-топшириш далолатномаси асосида газ билан таъминлаш корхонаси томонидан хизмат кўрсатувчи банк орқали 3 кунлик муддат ичида ҳисоб-китоб ойида етказиб берилган газ қиймати суммасига, амалга оширилган олдиндан тўлов (аванс) суммаси чегириб қолинган ҳолда, тўлов талабномаси юборилади.

Тўлов талабномаси юборилган кундан бошлаб 3 банк куни мобайнида бюджет ташкилотининг айби бўйича бажарилмай қолган тақдирда, бюджет ташкилотига (шифохоналар, поликлиникалар, мактаблар ва мактабгача муассасалар бундан мустасно) газ етказиб берилиши тўхтатилади.

 

3.     Бошқа улгуржи истеъмолчиларнинг газ билан таъминлаш корхоналаридан олинган газ учун ўзаро ҳисоб-китоби

Истеъмолчилар ҳисоб-китоб ойи бошлангунга қадар энг камида 5 кун олдин истеъмол қилинадиган газ учун тузилган шартномада кўрсатилган ойлик ҳажми қийматидан энг камида 30% миқдордаги суммада газ билан таъминлаш корхоналарининг талаб қилиб олингунга қадар депозит счётига олдиндан тўловни амалга оширадилар.

Олдиндан тўлов суммаси ўтказилмаган тақдирда, газ билан таъминлаш корхонаси томонидан истеъмолчи газ етказиб берилиши амалга оширилмайди.

Истеъмолчи олинган газ учун якуний ҳисоб-китобни, истеъмолчи ва газ билан таъминлаш корхонасининг газ тармоқлари бўлинмаси чегарасида жойлаштирилган газни ҳисоблаш ускунаси кўрсаткичларига мувофиқ ҳисоб-китоб ойи якунлангунга қадар 5 кун мобайнида белгиланган тартибда расмийлаштирилган газни қабул қилиш-топшириш далолатномаси асосида ҳисоб-китоб ойидан кейинги ойнинг 10-кунига қадар амалга оширади.

Белгиланган муддатда якуний ҳисоб-китоб амалга оширилмаган тақдирда, газ билан таъминлаш корхоналари томонидан газни қабул қилиш-топшириш далолатномаси асосида хизмат кўрсатувчи банк орқали ҳисоб-китоб ойида амалда етказиб берилган газ қиймати суммасига, амалга оширилган тўловлар суммаси чегириб қолинган ҳолда, тўлов талабномалари юборилади.

Тўлов талабномалари юборилган кундан бошлаб 3 банк куни мобайнида истеъмолчининг айби бўйича бажарилмай қолган тақдирда, истеъмолчига газ етказиб берилиши тўхтатилади.

Келгусида истеъмолчидан дебиторлик қарзини ундириш газ билан таъминлаш корхонаси томонидан қонунларда белгиланган тартибда амалга оширилади.     

Бунда газ билан таъминлаш корхонаси томонидан газ етказиб берилиши тўхтатиб (узиб) қўйилгандан сўнг унинг истеъмолчи томонидан газ таъминоти тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиши айбдорларга нисбатан жиноий жавобгарликка тортилишга қадар амалдаги қонунлар билан белгиланган чоралар қўлланилишига олиб келади.