Kompaniya tarixi

Республика саноати ва кичик бизнес етакчи тармоқлари корхоналари ва реал иқтисодий сектор асосий тармоқларининг доимий иқтисодий ўсиш суръатларини ва барқарор ишлашини таъминлаш ёнилғи-энергетик ресурслар истеъмолининг оширилишини назарда тутади. Табиий газни ҳам ички, ҳам ташқи бозорга етказиб бериш ҳажмлари ошиб бораётган ҳозирги пайтда, газ транспорти ва газни тақсимлаш тизимларидан ишончли фойдаланиш сақлаб қолинган ҳолда, газ транспорти тизимини ривожлантириш ва газ таъминоти тизимини яхшилаш зарурати кучайиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси истеъмолчиларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш, шунингдек транспортировка қилиш, транзит ва экспорт қилиш «Ўзтрансгаз» Акциядорлик компаниясига юклатилган.

Ўзбекистон газ саноатининг ривожланиш тарихи 1950 йиллардан бошланади. Биринчи газ 1953 йилда Сеталантепа конидан қазиб олинган.

1962 йилда Бухоро – Урал ва Ўрта Осиё – Марказ трансконтинентал магистрал газ қувурлари ётқизилишини ўз ичига олган Газли конини қазиб ишлаб чиқиш ишлари бошлаб юборилган.  

1973 йилда «Ўзбекгазсаноат» ишлаб чиқариш бирлашмаси ташкил қилинган, сўнгра эса алоҳида газ транспорти компанияси сифатида  «Ўзтрансгаз» Акциядорлик компанияси ривожлана бошлади.

1978 йилда Шимолий Сўх газни еростида сақлаш станцияси, кейинги йил эса Газлидаги газ кони базасида ташкил топган Газли газни ер остида сақлаш иншоати тажриба фойдаланиш бошланди.

1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 23 декабрдаги 585-сон қарорига мувофиқ, ташкил қилинаётган «Ўзбекнефтгаз» Миллий корпорацияси таркибида «Ўзбекгазсаноат» ишлаб чиқариш бирлашмасининг ихтисослаштирилган бўлинмалари базасида табиий газни транспортировка қилиш бўйича «Ўзтрансгаз» Давлат бирлашмаси ташкил қилинди.

1999 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 30 апрелдаги 169-сон қарорига мувофиқ, «Хўжаобод» нефт-газ конининг ишлаб чиқилган унумли имкониятлари негизида ташкил қилинган Хўжаобод газни еростида сақлаш станциясидан тажриба фойдаланиш бошланди.

1999 йилда – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 11 декабрдаги “Ўзбекнефтгаз” Миллий нефть ва газ саноати корпорациясини “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компаниясига қайта ўзгартириш тўғрисида”ги ПФ–2154-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 15 декабрдаги “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компаниясини ташкил этиш ва унинг фаолияти тўғрисида”ги 523-сон қарорига мувофиқ, “Ўзтрансгаз” Давлат бирлашмаси негизида очиқ акциядорлик жамияти шаклидаги “Ўзтрансгаз” Акциядорлик компанияси ташкил қилинди.

2006 йилда – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 8 августдаги “Ўзтрансгаз” Акциядорлик компаниясининг фаолиятини ташкил қилишни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–438-сон Қарорига мувофиқ, газни тақсимлаш тармоқларини ривожлантириш ва улардан фойдаланиш соҳасида ягона сиёсатни шакллантириш, ички истеъмолчиларга табиий газни транспортировка ва реализация қилиш бўйича самарали бошқарув тизимини яратиш, шунингдек табиий газдан оқилона фойдаланиш ва газ учун тўловлар интизомини мустаҳкамлаш мақсадида «Ўзтрансгаз» Акциядорлик компаниясининг фаолияти қайта ташкил қилинди. «Ўзтрансгаз» Акциядорлик компанияси фаолиятининг қайта ташкил қилиниши ҳудудий газ билан таъминлаш корхоналарини “Ўзкоммунхизмат” Ўзбекистон агентлиги таркибидан “Ўзтрансгаз” Акциядорлик компанияси таркибига ўтказиш орқали амалга оширилди ва ҳудудий газ билан таъминлаш корхоналари негизида барча тоифадаги истеъмолчиларни газ билан таъминлаш учун “Ўзтрансгаз” Акциядорлик компаниясининг қўшма корхоналари шаклидаги 6 та худудлараро корхоналар ташкил қилинди.

2009 йилда – Фарғона водийси истеъмолчиларига табиий газни етказиб бериш учун «Қамчиқ» довони орқали «Оҳангарон» компрессор станциясига эга 165 км масофали ноёб объект – «Оҳангарон-Пунган» магистрал газ қувури қурилиши якунланди ва фойдаланишга топширилди. Газ қувури Қурама тоғ тизмаси ёнбағри орқали ўтади.