Табиий газ ҳисоби ва назорати онлайн кузатувда

“Ўзтрансгаз” АЖ тизимида модернизациялаш, инновацион лойиҳаларни тадбиқ этиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш борасидаги ишлар  изчиллик билан амалга оширилмоқда. Соҳадаги янги, самарадор ва истиқболли лойиҳалардан бири – АСКУГ тизими бўлиб, бу орқали  табиий газ ҳисоби ва назоратининг автоматлаштирилган тартиби йўлга қўйилади.

Янги тизимда табиий газни ишлаб чиқарувчи корхоналардан то истеъмолчигача бўлган ҳисоби ва назорат  ишлари 5-босқичдан иборат. Дастлабки босқичларда  ишлаб чиқарувчи корхоналар ва магистрал газ қувурлари бошқармаларининг бўлиниш чегаралари,  газ тақсимлаш станциялари ҳамда вилоят газ филиалларининг юқори босимли газ қувурлари чегарасига замонавий электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилиб, маълумотлар он-лайн режимида диспетчерлик хизматларига узатилади; 3-босқичда эса туманлараро бўлиниш жойларига замонавий электрон газ ҳисоблагичлари ўрнатилиб, ҳар бир туман ва шаҳарга кириб келаётган газнинг аниқ ҳисоби олиб борилади. Ҳозирда бўлиниш чегараларига ўрнатилган электрон газ ҳисоблагичларига замонавий алоқа тизимларини ўрнатиш ва муайян тартиб асосида диспетчерлик хизматлари фаолияти жараёнини мониторинг кузатиш бўйича синов ишлари олиб борилмоқда.  Тизимнинг 4-босқичи  йирик саноат корхоналарига замонавий электрон газ ҳисоблагичлар  ўрнатиш орқали  он-лайн шароитида назорат қилишга қаратилган.

Якуний 5-босқичида эса, аҳоли хонадонларига замонавий электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилиб, уларнинг барчасини  ягона “Биллинг” тизимига улаш назарда тутилади. Айни пайтда Тошкент шаҳар Бектемир туманидаги  газ тармоқларини 2 босқичли тизимга ўтказиш бўйича тайёргарлик  ишлари  олиб бориляпти. ”Ўзтрансгаз” АЖ ва алоқадор  ҳамкор ташкилотлар  мутахассисларидан  иборат  ишчи гуруҳи электрон газ ҳисоблагичлар турини аниқлаш учун “Газдевайс” корхоналарига хизмат сафари билан боришди. Олиб келинган электрон газ ҳисоблагичлар тегишли ташкилотларда техник синовдан ўтказилиб,  жорий йил декабрда Бектемир туманидаги кўпқаватли уйларга ўрнатилиб дастурга уланади. 2019 йил 10 февралга қадар тумандаги аҳоли хонадонлари учун яна 11 мингта электрон газ ҳисоблагич,  газни меъёрлаштирувчи мосламалар,  газ қутилари, алоқа воситалари,  дастур таъминоти маҳсулотлари ва серверлар  олиб келинади. Газ ҳисоблагичларни ўрнатиш ва тизимга улашда  50 та пайвандлаш гуруҳи иш олиб боради.  Бу юмушлар 2019 йил 15 апрелгача тугалланиши  кўзда тутилмоқда.

Автоматлашган тизимдан иборат бу лойиҳа ишга тушиши билан ишлаб чиқарувчидан истеъмолчигача етказилган табиий газ ҳисоби реал вақт шароитларда юқори аниқликда юритилади ва  жараёнда инсон омили иштироки қисқаради.

“Ўзтрансгаз” АЖ

Ахборот хизмати

Leave A Comment