Сурхондарё вилоятида тарғибот тадбирлари давом этмоқда…

Сурхондарё вилояти бўйича ҳудудий газ таъминоти идораси ходимлари аҳолини табиий ва ис газидан заҳарланиш, шунингдек, газ ва ҳаво аралашмаси чақнаши билан боғлиқ ҳолатлардан огоҳликка чорлов тадбирларини ўтказиб келмоқда.
Куни кеча вилоятдаги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ис газидан заҳарланиш ва газ ва ҳаво аралашмаси билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган ўқув машғулоти ўтказилди. Амалий семинарда ҳарбий қисмларнинг 17 300 нафар хизматчилари қатнашди.
Шунингдек, аҳолини огоҳликка чақирувчи 40 000 дона эслатма ва буклетлар тайёрланиб, табиий ҳамда суюлтирилган газ истеъмолчиларига тарқатилмоқда.
Ёнғинга қарши кураш жамиятининг Сурхондарё вилояти бўлими билан ҳамкорликда аҳоли хонадонларидаги дудбуронлар, мўриконлар ва шамоллатиш йўлларини тозалаш ишлари доимий йўлга қўйилган. Мутахассислар газ ва газ ускуналарини кўрикдан ўтказиб, носозликларни бартараф этишмоқда. Ачинарлиси, хонадон эгалари томонидан кўрикдан ўтказиш ишлари амалга оширилаётганда қаршилик кўрсатиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бундай ҳолларда истеъмолчига огоҳлантириш хатлари тақдим этилиб, хонадонни табиий газ тармоғидан узиш мумкинлиги тўғрисида тушинтириш бериб борилмоқда.
Содир бўлаётган ёнғин, чақнашлар, ис газидан заҳарланишларнинг сабабларига эътибор қаратар эканмиз, айрим фуқароларнинг тармоққа ўзбошимчалик билан уланиши, газ сўрғичлари ўрнатиб олганлиги, газ ускуналарини бошқа жойга кўчириш, резина шланглар ва ностандарт жиҳозлардан фойдаланиш ҳолатлари кўпайганини келтириш мумкин. Бундай ҳолларда далолатнома расмийлаштирилиб, тегишли ташкилот ва идораларга қонун доирасида чора кўриш учун юборилмоқда.

“Ўзтрансгаз” АЖ
Ахборот хизмати

Leave A Comment