Олмалиқда ҳаёт қайнамоқда

Шаҳар аҳолисини табиий газ билан таъминлаш  куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари доирасида янада қизғин тус олган. Қайд этиш жоизки, ушбу ҳудудда аҳоли “Тошкент магистрал газ қувурлари” газ тақсимлаш станциялари тармоғи орқали табиий газ билан таъминланади. Вилоят  ишчи гуруҳи томонидан Олмалиқ аҳолиси ва улгуржи истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлаш даражасини янада яхшилаш борасидаги тайёргарлик ишлари ўрганиб чиқилди. Маълум бўлишича, олмалиқлик  газчилар  “Қиш ғамини ёзда е”, деган нақлга амал қилган  ҳолда, яқинлашиб келаётган   қиш-қировли кунларга пухта ҳозирлик кўришяпти.

Шаҳарда  юқори ҳамда  ўрта босим кучланишига эга 463,5  км газ қувурлари бор. Жорий  йил куз-қиш мавсуми олдидан  33.9 км юқори ҳамда 44.3 км ўрта босимли газ қувурларининг мустаҳкамлиги ва зичликка чидамлилиги ҳаво босими остида синаб кўрилди. Шаҳарда  мавжуд газ тақсимлаш шахобчаларининг барчаси  техник тафтишдан ўтказилди.  Мавсум  арафасида  5,2 км ер усти газ қувурларини бўёқлаш кўзда тутилган  бўлиб, амалда бу ишлар  8.3 кмда бажарилди. Мазкур ҳолат газ қувурларини бўяш бўйича режа ижросининг 155 % га уддаланганлигини кўрсатмоқда.  Аёнки, айни эзгу ҳаракатлар  шаҳардаги  35 429 хонадонни куз-қиш мавсумида табиий газ билан таъминлаш ишларини янада яхшилашга қаратилган. Яқин  орада “Гултепа” МФЙ Оқтош кўчасида яшовчи аҳолининг газ таъминотида ҳам ижобий ўзгаришлар бўлиши кутиляпти. Чунки бу ерда ўрта босимли 1,2 км ер ости газ қувурларини реконструкция қилиш режалаштирилган.

Айни кунларда  Олмалиқ шаҳрининг А. Қаҳҳор номидаги кўчасида 20 та кўп қаватли турар жой қурилмоқда. Уларга табиий газ ўтказиш  учун лойиҳа ҳужжатлари тайёрланган. Бунёдкорлик  ишлари якунига етгач, ушбу янги  уйларда ҳам  зангори олов порлайди. Шаҳардаги А.Навоий ва  А.Қодирий номидаги маҳаллалар эса  “Обод маҳалла” дастури доирасида  янада ободонлашди.

Албатта, булар ҳали ҳаммаси эмас.

“Ўзтрансгаз” АЖ

Ахборот хизмати

Leave A Comment