Матбуот анжумани

Республиканинг чекка ҳудудлари ва қишлоқ

аҳолисини табиий ҳамда суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш борасида белгиланган вазифаларнинг ижросига бағишланган

 матбуот анжумани

 “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат

 идоралари халққа хизмат қилиши керак”.

        Ш. МИРЗИЁЕВ

Маълумки, истеъмолчиларни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш, шунингдек, етказиб бериш, транзит ва экспорт қилиш “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти фаолиятидаги асосий вазифалардан саналади. Жамият томонидан 3 миллион 653 мингдан зиёд уй-жой,82 мингдан ортиқ улгуржи истеъмолчи, яъни 6 мингга яқин саноат корхоналари, 45 мингга яқин маиший ва ижтимоий объект ҳамда 32 мингга яқин якка тартибдаги тадбиркорларга табиий газ етказиб берилмоқда.

2018-2019 йилларнинг куз-қиш даврида Республика иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барқарор ишлашга комплекс тайёрлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Режага мувофиқ, 2018 йилда салкам 41 км газ қувурларини мукаммал таъмирлаш, 108,4 км газ қувурларини реконструкция қилиш, 68 минг 556 дона газ тақсимлаш пунктларини тафтишдан ўтказиш, 7 минг 850 км қувурларни босим остида синаш, шунингдек,5 763,8 км ер ости қувурларини махсус ускуна ёрдамида текшириш ва 1360,3 км газ қувурларини буёқлаш ишлари режалаштирилган. Эслатиб ўтамиз, мазкур техник чора-тадбирлар жорий йилнинг апрель ойида бошланиб, 2018 йилнинг 1 октябрига қадар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Айни вақтда республика бўйича 6 222866 та хонадон газлаштирилган бўлиб, шундан 3 353 000 га яқини табиий газ,2 869 000 дан ортиғи эса, суюлтирилган газ билан таъминланган. Улгуржи истеъмолчилар сони 82 минг 371 тани ташкил этади.

Шунингдек, ҳудудларда аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш борасида ҳам қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. 2 783 000 дан ортиқ хонадонлар суюлтирилган газ билан таъминланган. 2018 йил якуни бўйича 376 минг 283 тонна, яъни ўтган йилга нисбатан 125 минг тонна кўп суюлтирилган газ истеъмолчиларга етказиб берилди. Эътиборлиси, бу йилги мавсумда қўшимча яна 26 минг 576 тонна суюлтирилган газ ажратилгани ҳар бир хонадоннинг ойлик ўртача таъминот даражасини 10-15 кгга оширади.

2018 йил мобайнида аҳолини 634 минг 868 дона маиший газ баллонлар билан таъминлаш белгиланган бўлса, ҳозирги кунга қадар 183 минг 962 донаси етказиб берилди. Натижада маиший газ баллонлар сони 4,2 миллионтага етиб, таъминот даражаси тўлиқ бажарилишига эришилди.

Газ етиб бориши қийин бўлганҳудудлардаги хонадонларга суюлтирилган газ тарқатиш билан қўшимча 182 мингга яқин хонадонларнинг газ таъминоти тубдан яхшиланади. Бунинг учун ташкилий тадбирлар ҳам эътиборга олинган. Хусусан, ишлаб чиқарувчи заводлар томонидан ойига 38 минг 700 тонна суюлтирилган газни ташиб келтиришда 258та вагон-цистерналар, 153 та авто-цистерналар, 75 та газ тўлдириш пункти ва станциялар, 572 та маиший газ баллон ташувчи махсус автомашиналар жалб қилинган.

Табиий газ мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш воситаларидан бири бўлиб, у нафақат иссиқлик манбаи балки,  хонадонларга зиё ҳам олиб кирадиган миллий бойликҳамдир. Ундан тежамкорлик билан фойдаланиш, беҳуда сарф қилмаслик кўникмалари эса, аҳоли маданияти, юртга ва унинг келажагига бўлган муносабатни белгилайди.

“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да Президентимизнинг 2018 йил 25 январдаги йиғилиш баёни 15-16-бандларига асосан Тошкент вилоятининг Қибрай, Юқори Чирчиқ туманлари ҳамда Самарқанд, Жиззах шаҳарларидаги газ тармоқларини мукаммал ва жорий таъмирлаш, модернизация қилиш орқали газ тармоқларини 2 босқичли тизимга ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Ўз навбатида, ушбу техник чора-тадбирлар натижасида газ тармоқларида йўқотишлар миқдори кескин камайиб, истеъмолчиларга белгиланган муддат ва кўрсаткичлар бўйича узлуксиз табиий газ етказиб бериш шунингдек газ тақсимотида автоматлашган тизим жорий қилинади.

“Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти Бош прокуратура ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси билан ўрганишлар асосида жойларда бўлиб, газ истеъмолчилари томонидан содир этилган қоидабузарликларни аниқлаб, ноқонуний ҳолатларга чек қўймоқда.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, жорий йилнинг 5 ойи давомида тезкор маълумотларга кўра, табиий газдан фойдаланишда қоидабузилиши билан боғлиқ 2 599 та ҳолат аниқланган. Таҳлиллар мазкур ҳолатларда 19,4 млн метр куб умумий қиймати 7,4 миллиард сўмга тенг табиий газ сарф бўлганини кўрсатди. 2 599 та қоидабузарликларнинг 1 463 таси аҳоли истеъмолчилари  томонидан, 1 136 таси улгуржи истеъмолчилар томонидан содир этилганлиги маълум бўлди.

Биргина, 2018 йил 5 ойи давомидавиртуал қабулхонага мавжуд муаммолар бўйича жамиятимизга жами 9 361 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 8 730 таси (93,3%) тўлиқ ўрганиб чиқилди. Қолган 631 таси (6,7%) ўз муддатида кўриб чиқиш учун ижрога қаратилди. Келиб тушган мурожаатларнинг 45,1 фоизи ёки 4 231 таси табиий газ таъминотига тўғри келмоқда. Муаммоларни жойида ҳал қилиш мақсадида ҳудудларда сайёр қабуллар ташкил этилди.

Тизимдаги корхоналар орқали истеъмолчиларнинг табиий газга бўлган эхтиёжини тўла қондириш мақсадида 2018 йилда жами 37,7 млрд метр куб табиий газ етказиб бериш режалаштирилган.Жорий йилнинг январ-май ойларида 17,0 млрд куб метр (шундан аҳоли истеъмолчиларигаўтган йилнинг мос даврига нисбатан 223,6 млн кубметр кўп)зангори олов етказиб берилган.

Молия вазирлигининг 2017 йил 29 июндаги №19-03-22-06-РУз-28-2017-сонли реестрига асосан 2017 йил 15июлидан аҳоли томонидан фойдаланилган табиий газ учун тарифларга кўра, 1,0 куб метр учун 289,74 газ ўлчагичлари йўқ ҳолатда, коммунал-рўзғор эҳтиёжларига ишлатиладиган газ учун марказий иссиқ сув таъминоти бор уйларда овқат пишириш газ плиталарига бир яшовчидан ойлик тўлов 5 010,60 сўм этиб белгиланган.Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг2017 йил 28 декабрдаги “Табиий газ ва электр энергиясини етказиб бериш ва реализация қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ,  белгиланган лимит доирасида 1,0 куб метр табиий газни 1000 сўмдан сотишга шартномалар тузиш мумкинлиги тавсия этилган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг  2018 йил 12 январдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори газ истеъмолчилари ва таъминотчи ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.    Қисқача айтганда, аҳолига мунтазам ва узлуксиз газ маҳсулотларини етказиб бериш борасида белгиланган чора-тадбирларни узвий ташкил этиш,соҳада олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириб, айниқса,куз-қиш мавсумини кўнгилдагидек ҳамда беталафот ўтказиш, газ таъминоти тизимидан хавфсиз ва оқилона фойдаланиш, ортиқча йўқотишларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.

 

“Ўзтрансгаз” АЖ Ахборот хизмати

Фикр қолдириш