Welcome to Uztransgaz   Click to listen highlighted text! Welcome to Uztransgaz

Куз-қишга тайёргарлик ишлари авжида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлдаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳани 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4407-сонли қарори ижросини, ҳамда муҳтарам Президентимиз томонидан 5 сентябрда республика ижтимоий соҳа объектларини, иқтисодиёт тармоқларини 2019/2020 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлашга бағишланган мажлисда берилган топшириқларни бажарилиши юзасидан “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан магистрал газ қувурлари тизимида бугунги кунда табиий газ етказиб берилишини яхшилаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жамият тизимдаги магистрал газ қувурларини хавфсизлигини таъминлаш, ишончлилигини ошириш, куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш мақсадида, Нидерландиянинг “Розен” компанияси технологияси ёрдамида қувур ички сирти диагностикаси ишлари бажарилиб, олинган таҳлилларга таянган ҳолда нуқсонлар бартараф этилмоқда.

Қашқадарё вилоятида, диаметри 1020 мм бўлган “Шўртан – Муборак” магистрал газ қувурнинг 27 километр қисмида аниқланган 1 892 та нуқсонли жойлар истеъмолчиларни табиий газдан ажратмаган ҳолда тўлиқ бартараф этилди.

Худди шундай, Самарқанд вилоятида диаметри 1020 мм бўлган
“БГР-ТБАА”, Хоразм вилоятида диаметри 1020 мм бўлган “Бухоро-Урал” ва Қорақолпоғистон Республикасида диаметри 1020 мм бўлган “САЦ-II” магистрал газ қувурларнинг мукаммал таъмирлангани фикримизга далилдир.

Шунингдек, режа доирасида Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Фарғона водийси аҳолиси, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда бошқа улгуржи истеъмолчиларга табиий газ етказиб беришни яхшилаш мақсадида, Сирдарё вилояти Ховос туманида жойлашган Янгиер компрессор станцияси ва “Янгиер-Оҳангарон” магистрал қувури оралиғидаги диаметрлари 426 мм, 720 мм ва 1020 мм бўлган “Ховос-Фарғона” магистрал қувурларнинг табиий газ ўтказувчанлигини яхшилаш учун 17 км узунликдаги қувурлар  диаметри 1220 мм  бўлган газ қувурларига алмаштирилди. Махсус қурилиш ташкилотлари жалб этилган мазкур лойиха бўйича жорий йилнинг 28 – сентябрь куни газ транспорт тизимига уланиш жараёни якунланиб, тармоқ ишга туширилди. Бу тадбирни амалга ошириш учун жамият томонидан 73,0 млрд. сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Натижада қувурнинг ишончлилиги таъминланган ҳолда табиий газ ўтказувчанлиги 1,5 баробарга оширилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 28 мартдаги 1943-сонли “Наманган вилоятида умумий қуввати 900 МВт бўлган иссиқлик электр станциясини қуришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг ижроси доирасида “Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси”даги иккита буғ-газ қурилмасини табиий газ билан таъминлаш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиб, “Тўрақўрғон ИЭС” газ тақсимлаш станцияси қуриб ишга туширилди. Лойиҳа қиймати 15 млрд. сўмни ташкил этувчи ушбу газ тақсимлаш станциясининг умумий майдони 0,32 гектарни ташкил этади. 2 та ўлчов тармоқли мазкур станцянинг қуввати соатига 180 минг куб метр бўлиб, йилига ўртача 1,5 млрд. куб метр табиий газни “Тўрақўрғон ИЭС” истеъмоли учун етказиб бера олади.

“Ўзтрансгаз” АЖ Ахборот хизмати

Leave A Comment

Click to listen highlighted text!