Илғор инновация – болажонлар хавфсизлиги учун

Жорий йилнинг 31 октябрь куни “Ўзтрансгаз” АЖ ва ҳамкор вазирлик ҳамда идоралар билан Сирдарё вилоятида “Газдан тўғри фойдаланиш – хавфсизлигимиз кафолати” мавзуида ўтказилган Республика семинарида амалга оширилган ташрифлар жараёнида янги бир инновацион иситиш тизими иштирокчилар эътиборини тортди.
Ушбу замонавий 2 контурли истиш газ қурилмаси Гулистон шаҳар
4-мавзедаги мактабгача таълим муассасасига ўрнатилган бўлиб, мутлақо хавфсиз ва тежамкор ишлаши билан янада аҳамиятли.
Сир эмаски, бугунги кунда инновацион иситиш тизимларининг биринчи талаби – хавфсизлик, иккинчиси эса – иқтисодий тежамкорлик. Бундан ташқари, мазкур қурилмаларнинг ўзига хослиги бу – улардаги фойдаланиш коэффициентининг юқорилигидир. Янги қурилма ушбу талабларнинг барчасига тўлиқ жавоб бериб, муассасани куз-қиш мавсумида хавфсиз иситиш, табиий ресурслардан тежаб-тергаб, оқилона фойдаланишда қатор қулайликлар яратади.
Сўнгги русумдаги, яъни 6-авлод иситиш қурилмаси ҳисобланган мазкур газ жиҳози илғор технологиялар асосида яратилган бўлиб, 95 фоиз фойдаланиш коэффициентига эга ва у автомат бошқарув тизимида ишлайди. Энг афзаллиги шундаки, жиҳоз махсус серверга уланган бўлиб, сервер ходими уни масофадан туриб бошқаради ва назорат қилади. Шу ўринда сервер ходими қайси идора вакили? – деган савол туғилиши табиий. Бунга ишлаб чиқарувчи ёки маҳсулотни фойдаланувчига етказиб берган воситачи корхона ходими масъул саналади. Бошқарув панелида унга барчаси кундек намоён бўлади. Хабар бериш чироқчалари эса ходимни тизимдаги соз ва носоз ҳолатлардан огоҳлантиради. Шунга қараб, у қурилманинг иш жараёнини бошқаради ва назорат қилади.
Булар – ҳаммаси эмас. Янги жиҳоздаги техник имкониятлар ва қулайликларни яна қаторасига санаш мумкин. Умуман олганда, ушбу автоном иситиш жиҳозлари марказий иситиш тизимига нисбатан 35-40 фоиз арзонга тушади. Бу эса маблағни тежаш, хонадонга фаровонлик олиб кириш дегани.
Муҳими шундаки, мутасаддилар ва соҳа ходимларининг фаол саъй-ҳаракатлари натижасида муассасада тарбияланувчилар ва тарбиячи ходимлар учун қулай ҳамда хавфсиз шароит яратилган.

“Ўзтрансгаз” АЖ
Ахборот хизмати

Фикр қолдириш