Welcome to Uztransgaz   Click to listen highlighted text! Welcome to Uztransgaz

Газ таъминоти тизимидаги янгиликлар — фаровон турмуш тарзи учун

Иситиш мавсуми келиши билан  оммавий ахборот воситаларида ис газидан заҳарларниш ҳолати билан боғлиқ маълумотлар, табиий ёки суюлтирилган газ  вақтида етказиб берилмаётганига оид хабарлар учрайди.  Аслида аҳоли турмушида қулайлик бўлсин,  деган ниятда  минглаб  метр чуқурликдан заҳмат билан қазиб олиниб, неча қайта ишланиб, бир неча ўн минглаб километр қувурлар орқали қанча меҳнат  билан истеъмолчига етказиб берилган  табиий неъмат, гоҳида афсуски, кимнингдир умри тугашига сабаб бўлиб қолса.  Бундай хабарни эшитиш, айниқса, газ етказиб бериш тизимида ишлаётган ходим учун жуда азобли. Фожеали воқеани эшитган киши афсус билан бош чайқаб  -эссизгина,  дейди. Сабабларни ҳар жойдан қидирар экан, кимдир носоз газ ускунасини, яна кимдир — газ босимини ўйнатадида, дея  “газчи”ни айблайди.

Гап шу ҳақида бошлансада, бу мақола билан кимнидир айблаш фикридан йироқмиз.  Фақат “дўппини бошдан олиб қўйиб”,  бундоқ  ўйлаб кўриш керак, назаримизда. Бугун истеъмолчи сифатида кўпчилигимиз ўз хуқуқларимизни яхши англаймиз.  Лекин, газдан фойдаланиш ҳақида гап кетгудек бўлса, кўпам эътибор қилавермайдиган жиҳатларимиз бор. Масалан, газ ускунаси  ёки  газ ёндиргич “горелка” сотиб олишга келганда, хавфсизлик талабларига мослигига етарли эътибор берамизми? Афсуски, бу борада мақтанолмаймиз. Гоҳида пулни аяймизда, “бўлаверади” деб, арзонроғига учамиз.  Донишманд  халқимизда эса ҳар гап топиб айтилганки, уларнинг бири “Арзоннинг оши татимайди”.  Ёки   иситиш қозонхонаси (“АГВ”ўрнатилган жой)даги  шамоллатиш тизимини  олайлик. Бунгаям эътибор бермайди кўплар.  Олиб борилган таҳлиллар  фожеали ҳолатларни келтириб чиқарувчи омил мана шунда эканини кўрсатмоқда. Хонадон эгаси уйни иситиш учун табиий газдан фойдаланган. Иситиш қозони  ўрнатилган жойда ҳаво айланмаган.  Газ ёқилганда сарфланаётган газга нисбатан  10 баробар нисбатда кислород зарурлигини билмаган. Уй яхшироқ исисин деб, эшик-деразалар маҳкам ёпилган ва афсуски бу — фожеага олиб келган. Бундай аянчли ҳолатларни олдини олиш ва қайта тикланмас неъмат- табиий газ билан кўпроқ истеъмолчиларни таъминлаш   мақсадида  “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти томонидан кўпгина  инновацион лойиҳалар  амалга ошириляпти. Жойларда янги лойиҳа афзалликлари ва хавфсизлик қоидалари бўйича  тушунтиришлар олиб борилмоқда.Сирдарё вилоятининг  кўп  ҳудудларида тажриба синов сифатида янги тартиблар жорий қилингани фикримизга мисолдир.

Сирдарё тумани, Хонобод қишлоғи аҳлида бу мавсум — Газ босими паст, ёки  — етиб келмаяпти, деган  гап бўлгани йўқ.  Иситиш мавсуми олдидан     280  хонадоннинг мавжуд  эски қозонлардаги ёндиргичлари   замонавий  универсал газ ёндиргичларга алмаштирилди.  Ёшлик кўчасида яшовчи  Б. Қўлдошев  хонадонига  янги АГВ ўрнатганига 3 ой бўлганини, шу муддатда   ўтган йилги мавсумда ишлатганилганидан кўра  2 баробар  кам газ истеъмол қилинганлигини  айтди. У сотиб олган   газ ёндиргичнинг  нархи  иқтисод қилинган газ ҳисобига бир мавсумдаёқ оқланиб кетганини билдирди.

Демак, янги ускунадан фойдаланган Қўлдошевлар декабр ойида 346 куб/м табиий газ сарфлаган. 2017  йил декабрда эса   626 куб/м газ учун пул тўланган.  Бир ойда  иқтисод қилган газ 280 куб/ м, нарҳи  89 600 сўм.  Республика бўйича  автоматик қурилмага эга бўлмаган газ ёндиргич- лардан фойдаланаётган хонадонлар сони  қарийб  2 млн.та   эканини ҳисобга олсак, қиш мавсумида 1 ойда тежаб қолинадиган газ миқдори 518 млн 840 минг куб/м ни ташкил этади.  Қиймати 166 млрд 28 млн  800 минг сўмлик бўлган шунча  газ 1,5 млн.дан ортиқ  абонентни  1 ой таъминлашга етади. Қишлоқнинг ёши улуғларидан  бири Т. Ражабовнинг сўзига кўра, маҳаллада бу мавсум газ умуман “ўйнамаган”. Тармоқдаги  охирги хонадонларигача бир меъёрда газ етиб борган. – Бўлар эканку, дейди Тиркаш ота биз билан суҳбатда. Айниқса, хонадонларга ис газидан огоҳлантирувчи қурилма ҳам ўрнатилгани, яхши бўлди. Сирдарё вилояти бўйича  Газ таъминоти ҳудудий филиали масъули Ў.Норматов ўзимизда  ишлаб чиқарилаётган ис газидан огоҳлантирувчи  ускунани таърифлаб  берди. Газ плитаси яқинига ўрнатиладиган бу қурилма —  газ тасодифан ўчиб, кейин қайта узатилганида ёки газ печи  носозлиги сабабли йиғилаётган ис газини сезиши билан  дарҳол овозли сигнал чалиб, газ етказиб беришни автоматик равишда тўхтатади. Кимдир келиб газ мурватини бураб  очмаса, тармоққа газ узатилган пайтда  автоматик равишда уланиб қолмайди.

Бугун юртимизда тадбиркорликка кенг йўл очилган.  “Ўзтрансгаз” АЖнинг  улгуржи истеъмолчилари — тадбиркорларга таклиф этилган замонавий газ ёндиргичларнинг самарадор эканлигини бугун кўпчилик ҳис қилмоқда. Чунки, новвойхона тандири ва дошқозонли ўчоқларга ўрнатилаётган янги замонавий  газ  ёндиргич(горелка)лар  маблағни  тежаш имконини беряпти. Катта тўйхона эгаси  Р. Бозорбоев фикрича, эски  қўлбола “горелка”лар дан фойдаланилган   иситиш мавсумида газ учун  1 ойда  2,5 миллион сўмгача маблағ сарфланган.  Янги горелкалар билан, бу тўлов ҳажми ойига 850 минг сўмга тушди.  Иқтисод қилинган 1 ойлик маблағ 1 млн 650 минг сўм. Бу пулни энди тадбиркор  бизнесини ривожлантиришга йўналтиради. — Қўлбола горелка ишлатилганда табиий газ  чала ёниб, олов қизил тусда бўларди. Қозон остига қурум йиғилиб, қайнашига кўп вақт кетган. Мана энди бундай муаммо йўқ, муҳими — иқтисодий самарадор, дейди у.

Тадбиркор  сўзларидан  келиб чиқилса;  Республикамиздаги  маиший хизмат кўрсатувчи ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларининг маънавий эскирган  27 502 та газ ёндиргичларини  алмаштириш ҳисобига  1 ойда  57 млн  754 минг 200 куб/м яъни   57 млрд 754 млн  200 минг  сўмлик газни иқтисод қилиш мумкин. Тежалган газ ҳажми  худди   шу йўналишда яна  23 000 дан ортиқ янги тадбиркорлик субъектини  табиий газ билан таъминлашга етади. Бу эса 60 мингдан ортиқ янги иш ўрни дегани.

Гулистон шаҳрида кўп қаватли уйларга ўрнатилган  янги русумдаги 2 контурли газ ускуналари  иқтисодий самарадор ва хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб беради. Намуна маҳалласи 19 уйда яшовчи 3 хонали квартира  бекаси Н.Турсунова фикрича, бу газ ускунаси билан уйни иситиш, иссиқ сув, ошхона эҳтиёжларига сарфланаётган газ  қиймати  ойига 100 минг сўмдан ортмайди.  Таққослаш учун; пойтахтимизда марказ — лашган иситиш тизими хизматидан фойдаланаётган, 3 хонали(майдони 50 кв/м бўлган)  кўплаб  квартираларда иссиқ сув ва уйни иситишнинг ўзига  ундан 2 баробар ортиқ маблағ сарфланади.

23440 абонентга хизмат  кўрсатаётган Гулистон шаҳар газ таъминоти  ҳудудий  филиалининг  уй ичи асбобларига хизмат кўрсатувчи бўлими  ишида янги босқич бошланди. Шартнома асосида 19  нафар чилангар ишга қабул қилинди. Демак, янги иш ўрни яратилди. Уларга алоҳида хона жиҳозланиб,  ҳар бир уста зарур анжомлар йиғма жилди  билан таъминланди. Айни кунда  усталар хизматига талаб юқори бўляпти.

Республика Вазирлар Маҳкамасининг  (10.08.2018даги)   Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига суюлтирилган углеводород газини  етказиб бериш тизимини такомиллаштиришга оид  № 646-сонли Қарорида Сайхунобод тумани аҳолисини суюлтирилган углеводород газ билан тўлиқ қамраб олиш  кўзда тутилган эди.  Ҳозир мазкур тартиб амал қилмоқда.  Туманда алоҳида газ тўлдириш шаҳобчаси қурилиб, газ баллонлари вақтида алмаштириляпти. Истеъмолчилар  ҳисоб-китоб  учун индивидуал электрон (ID) карталар билан таъминланди, етказиб берилган газнинг ҳисоби  автоматлаштирилган тартибда назорат қилинмоқда. Гулбулоқ маҳалласида яшовчи Д. Сайфулин суюлтирилган газ вақтида етказиб берилаётгани ва қўлларига берилган ID карта жуда қулай эканлигини айтди. Бу тартибнинг яна бир афзаллиги  — ҳудуддаги ҳақиқий мавжуд истеъмолчилар  ҳақида маълумотнинг шакллантирилганлиги ва  етказиб берилаётган  суюлтирилган газ ҳажмининг  аниқ  ҳисоби олиб борилаётганида.  Бу шунингдек,  келгусидаги эҳтиёж режасини  шакллантиришда ҳам яхши  имкониятдир.  Сирдарё вилояти бўйича Газ таъминоти ҳудудий филиали бошлиқ ўринбосари  И.Сайфуллаев  истеъмолчиларга  суюлтирилган газ етказиб беришга оид амалиёт  бўйича маълумотлар “Е gaz” дастурига киритилаётганини билдирди.  Бу тартиб  билан   кимларнингдир белгиланган меъёрдан ортиқча газ олиши ёки кимдир ололмай қолиши каби ҳолатлар барҳам топди.

Айтиб ўтилган янгиликлар аҳолининг газ таъминотидан розилигини қозониш истагидаги фақат битта  вилоятдаги изланишларга мисоллар халос.  Жорий йилда ҳар бир вилоят   манзилларида худди шу каби лойиҳалар йўлга қўйилади ва жараён босқичма – босқич амалга оширилиши кўзда тутилган. Табиий газдан хавфсиз ва самарали фойдаланиш учун истеъмолчи сифатида  эътибор қилишимиз зарур бўлган  муҳим бир  иш бор,  у ҳам бўлса, газ ускуналарини ва дудбўронлар созлигини йилига камида 1 марта  мутахассис кўригидан ўтказиб олиш. Айтишадику, “Асранганни — асрайди”, деб. Иқтисод қилинган газ билан эса, ўзимиздан  кейинги хонадон ўчоғида  ҳам  олов  ўчмаслигига ҳисса қўшган бўламиз.

“Ўзтрансгаз” АЖ Ахборот хизмати

   

Leave A Comment

Click to listen highlighted text!