Welcome to Uztransgaz   Click to listen highlighted text! Welcome to Uztransgaz

ГАПНИ ГАПИР УҚҚАНГА

Жорий йилнинг 6 сентябрь куни Kun.uz сайтида “Каттақўрғонда магистрал газ қувури яқинида жойлашган ўнлаб уйлар бузилишга тушган — аҳоли бундан кескин норози” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда кўтарилган муаммоли масалалар кеча ёки бугун пайдо бўлган эмас. У йиллар давомида аҳолининг ўзбошимчалиги, маҳалла ва бошқа давлат идоралари масъулларининг эътиборсизлиги оқибатида келиб чиққан, дейиш мумкин.

Kun.uz орқали эълон қилинган материалларда аҳолининг ҳақли ва ноҳақ эътирозлари, газ қувурининг хавфлилик даражаси, давлат идоралари ходимлари, жумладан, Зирабулоқ магистрал газ қувурлари бошқармаси Самарқанд таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш бўлими масъул вакилларининг гўё неча йиллардан буён аҳолининг тинчини бузиб келаётгани баён этилган.

Kun.uz мухбири ушбу масалани ёритишда асосан аҳолининг фикрига таянган. Аҳоли томонидан “айбдор” деб ҳисобланаётган томоннинг фикри билан деярли қизиқмаган. Акс ҳолда Зирабулоқ магистрал газ қувурлари масъул ходими Н. Хушвақтова билан телефон орқали суҳбат билангина чекланиб қолмаган бўларди.

Бу ҳолат тарихига назар ташлайдиган бўлсак; “Джарқоқ-Бухоро-Самарқанд-Тошкент” магистрал газ қувури Меҳнаткашлар депутатлари Самарқанд область Совети Ижроия Комитетининг 1959 йил 21 сентябрдаги №24/460-с-сонли қарорига асосан  Каттақўрғон тумани ҳудудидан ўтказилган. Крупская номли колхоз ҳудудидан магистрал газ қувури ўтказиш вақтида, ўша пайтда  у ерда яшаб турган  12 та аҳоли хўжалигига  компенсация пуллари тўлаб берилган. Шунингдек, 1959-1960 йилларда магистрал газ қувури Каттақўрғон туманидаги (собиқ) Коммунизм, Калинин, Ленинизм колхозларининг экин майдонларини ҳам кесиб ўтганлиги боис, ушбу жамоа хўжаликларга ҳам компенсация тўланган. Шундан сўнг у ҳудудда яшаб келган аҳоли бошқа ерга кўчирилган. Бироқ, маълумотларга кўра 1964 йилда содир бўлган табиий офат туфайли бир неча оила Каттақўрғон туманининг Лублахўр ва Хайвар қишлоқларига қайта келиб ўрнашган. Йиллар ўтган сари аҳоли кўпайиши натижасида шу ерда ўтроқлашиб, Ø-720 мм газ қувури (хавфлилик даражаси юқори бўлган биринчи тоифали  магистрал газ қувури)нинг ҳимоя ҳудудида ҳам уй-жойлар қурила бошланган.

Кейинги йилларда ҳам ҳудудда аҳоли томонидан ҳеч қандай ҳужжатлар ёки тегишли рухсатномасиз, ўзбошимчалик билан уй-жой қуриш ишлари давом этган. Инсон ҳаётига очиқдан-очиқ хавф солиши мумкин бўлган ҳимоя ҳудудида уй-жой қурилаётганда маҳалла ёки ҳудуд милиция инспекторлари қаршилик кўрсатмаган. Аксинча, айрим маҳалла идоралари томонидан тегишли нормаларга жавоб бермайдиган уй-жой ҳужжатлари расмийлаштирилган. (2007 йилда Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судида муаммонинг кўриб чиқилишида аҳоли томонидан шундай  ҳужжатлар тақдим этилганлиги, фикримизга  асосдир.)

Соҳа ходимлари томонидан йиллар давомида фуқароларга тушунтириш-тарғибот ишлари ва берилган огоҳлантиришларга қарамасдан Лублахўр ва Хайвар қишлоқлари аҳолиси хавфлилик даражаси юқори бўлган биринчи тоифали  магистрал газ қувурининг ҳимоя ҳудудида қурилиш ишлари давом этавергач, муаммо қонуний тартибда кўриб чиқилишига мажбур бўлинган. Хусусан, 2007 йил 9 март куни Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судида Самарқанд Магистрал газ қувурлари бошқармасининг даъво иши кўриб чиқилган. Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, Лублахўр қишлоғида яшаб келган А. Тожиев, Т. Бобоқулов, У. Бобоқулов, Ф. Эргашев, Б. Эргашев, Н. Холбоев, Б. Бобоқуловлар, Хайвар қишлоғида яшаб келган Ш. Ҳамдамов, Р. Халилов, Ҳ. Шокиров, Ж. Рўзиев, С. Сафаров, К. Каримов,  З. Пирназаровлар оила аъзолари билан биргаликда уй-жойларидан мажбурий тартибда кўчирилиши юзасидан қарор қабул қилинган. Суд қароридан норози бўлган аҳоли фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судига аппеляция тартибида шикоят қилишганда ҳам у қаноатлантирилмаган. Аҳоли эса давлат, суд-ҳуқуқ идораларининг одилона ҳукмини доимий равишда ўзларига зуғум сифатида қабул қилиб келган. Олиб борилган чора-тадбирларга қарамай фуқаролар яшаш жойларини кўчирмасдан келишган.

Шундан кейин ҳам Зирабулоқ магистрал газ қувурлари бошқармаси Самарқанд таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш бўлими томонидан бир неча бор суд-ҳуқуқ органларига, вилоят ҳамда республика давлат идорларига муаммони бартараф этиш, ҳаёти хавф остида қолиши мумкин бўлган аҳолини газ қувурининг белгиланган ҳудудидан кўчириш масаласидаги мурожаатлари йўлланди. Жумладан, 2016 йил декабрь ойида Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судида фуқароларнинг ноқонуний қурилишларини бузишга оид суд қарорлари тасдиқланди. 2017 йил 8 июнда эса Каттақўрғон туман ҳокимлиги, ички ишлар органлари, кадастр, архитектура ва қурилиш, фавқулодда вазиятлар бўлим ва бошқармалари масъул ходимлари ҳамда “Омонбой” МФЙ фаоллари билан ҳамкорликда “Омонбой” ва “Хайвар” қишлоқларида яшаётган аҳоли хонадонларида ўрганишлар олиб борилганида  у ердаги 49 та хонадон бўйича туман ҳокимининг қарори мавжуд эмаслиги аниқланди.

Бир қарашда, иссиқ ўрнини бўшатиб қўйишни истамаётган аҳоли мутлақо ҳақдек. Лекин иккинчи томондан уларнинг эътирозлари — очиқдан-очиқ хавф-хатарга ўзини рўбарў қилиш билан баробар. Тўғри, уларни кўчириб, уй-жой билан таъминлаш бўйича Каттақўрғон туман ҳокимлиги ҳам тегишли саъй-ҳаракатларни олиб бормоқда. Аммо аҳолининг муҳофаза ҳудудни ноқонуний эгаллаб олгани етмагандек, “бир сўм харажатсиз” тайёр уй-жойни истаётганлари ажабланарли. Бугунги кунда ҳам  айрим фуқаролар олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишлари, қонуний чекловлар ва тақиқларни бир четга суриб, газ қувури томон тобора яқинлашиб, яна ва яна қурилиш қилаётгани ачинарли ҳолат…

Хулоса шуки, мақсадимиз Қаттақўрғондаги қишлоқлар аҳолисининг тинчини бузиш эмас, уларни рўй бериши мумкин  бўлган хавф-хатардан огоҳлантириш ва сақлаш. Ушбу масалага алоқадор давлат идоралари ҳам эътибор қаратиб, муаммоларни бирор кўнгилсиз ҳолат рўй бермай туриб ижобий ҳал этишда амалий кўмак берадилар, деган умиддамиз.

“Ўзтрансгаз” АЖ Ахборот хизмати

Leave A Comment

Click to listen highlighted text!