ЭЪТИБОР ВА ЭЪТИРОФГА ЛОЙИҚ

Кўнглига улуғ мақсадларни тугган инсон борки, аввало, Она Ватани, халқига хизмат қилиш, унинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш, юрт тинчлиги, унинг осойишталигини  асраб-авайлашга интилади. Ғиждувон туманида таваллуд топган Бахтиёр Мавлонов ҳам мана қарийб 40 йилдирки, газ таъминоти соҳасининг ўзига хос қийинчилик ва машаққатларини енгиб, юрт фаровонлиги йўлида самарали меҳнат қилиб келмоқда.

Айни пайтда у “Ўзтрансгаз” АЖ Бухоро вилояти ҳудудий газ таъминоти филиали 7-сонли туманлараро газ таъминоти участкаси, (Ғиждувон) метрологик таъминоти ва газ тармоқлари, истеъмолчилар газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш бригадаси чилангари вазифасида меҳнат қилмоқда.

Аслида бу соҳага бўлган қизиқиш Бахтиёр акада ёшликдан бошланган. Қалб меҳварида сақлаган орзуларини рўёбга чиқариш, ўзидаги имкониятларни синаб кўриш ва касбига эришиш ниятида Бухоро газ саноати техникумига йўл олди. Ҳаёти давомида инсон  устозлар йўл-йўриғи, ибрати таъсирида шаклланиб боради. Бахтиёр ака бу борада омадли  экан, таълим даргоҳида ўз касбининг усталари, ўқитувчи педагоглардан таҳсил олиб, соҳа сир-асрорларини чуқур ўрганди. Олган билимларини амалиётга жорий қилишга киришди. Дастлаб, “Ғиждувонгаз” филиали уй жиҳозларига хизмат кўрсатиш бўлими чилангари сифатида иш бошлади. Кейинчалик, “Ғиждувонгаз” филиали газ тармоқлари ва газ маромлаш пунктларидан фойдаланиш хизмати улгуржи истеъмолчилар хизмат кўрсатувчи чилангар, “Ғиждувонгаз” филиали “Шаҳар” ҳудудий эксплуатация бригадаси уй ичи газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш бўйича чилангар, Ғиждувонгаз” филиали улгуржи истеъмолчилар газ жиҳозларини кўрикдан ўтказувчи чилангар каби вазифаларда меҳнат фаолиятини олиб борди. Йиллар ўтиб, Бахтиёр Мавлонов ҳам жуда кўп ёшларга устозлик қилиш даражасига етди. Ундаги ташаббускорлик, интилувчанлик, меҳнат қилишга бўлган иштиёқнинг юқорилиги муваффақиятларнинг асоси бўлиб хизмат қилди.

Ҳаракатида топқирлик, нигоҳларида маъно уфуриб турган бу инсон ўзининг олдига қўйган аниқ мақсадига эришиш йўлида доим изланади. Ҳамкасблари, дўстларига қувонч, кўтаринки кайфият улашишга ҳаракат қилади.

Бахтиёр ака “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ёшларга касбининг сир-асрорларини мукаммал ўргатишни олдида турган муҳим вазифа деб ҳисоблайди. Шу боис, бутун вужуди билан ёш ходимларга соҳа сир-синоатларини ипидан то игнасигача тушунтиради. Уларни фидокорона меҳнат қилишга, илғор тажрибаларни ўзлаштиришга ундайди. Заҳмат чекиб, машаққат ила устозлик қилади. «Устозингга раҳмат» деган рағбатдан эса кўнгли осмон қадар юксалади.

Ҳалол ва самарали меҳнат қилаётган Бахтиёр Мавлоновнинг камтарона хизматлари давлатимиз томонидан ҳам муносиб рағбатлантирилмоқда. Хусусан, 2011 йилда “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 20 йиллиги” ҳамда 2016 йилда “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Ҳа, бировнинг кўнглидан жой олиш осон иш эмас. Аммо, Бахтиёр ака шогирдлари ва ҳамкасбларининг меҳрини қозонди, юрагидан жой олди. Чунки у ўз касбини севадиган, ҳамкасблари, атрофдагиларни ҳурмат қиладиган, билимли, очиқкўнгил, халқ учун самарали меҳнат қилишни олий фазилат, деб билган инсон. Бори ҳам, ори ҳам ҳаётининг мазмуни ҳам, ҳалол меҳнати ва фаолият ортидаги тотли ҳузури бу унинг – касби!!!

 

 

 

 

 

Фикр қолдириш