ДОИМ БЎЛСА ОГОҲЛИК — ТУРМУШ БЎЛАР ЧИРОЙЛИК!

Кулфат келса, эшик тақиллатиб, огоҳлантириб келмас экан. Аммо баъзи фуқароларимиз кўп ҳолларда эътиборсизлик ёки лоқайдлик сабаб, юз бераётган ноҳушликларни ўзлари чорлаб олаётгандек. Сўнгги пайтларда ис газидан заҳарланиш ҳолатлари ва ундан жабр кўраётганлар сони тобора ортиб бормоқда. Масъул ташкилотлардан “Ўзтрансгаз” АЖ бу муаммога қарши жиддий киришган. Мунтазам равишда ҳар бир ҳудудда, уйма-уй юриб, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича рейдлар ўтказиб келмоқда.
Хусусан, Тошкент вилояти бўйича ҳудудий газ таъминоти филиали томонидан аҳолига ис газининг нечоғлик хавфлилигини тушунтириш мақсадида жойларда видеороликлар намойиши йўлга қўйилган.
Ҳозирги кунга қадар “Турмушда газдан хавфсиз фойдаланиш ойлиги” давомида 4200 та ахоли хонадонларида газ ва газ мосламалари техник кўрикдан ўтказилди.
Кўп қаватли уйлар йўлакларига, автобус бекатларига, одамлар гавжум бўладиган жойларга эслатмалар ёпиштирилди.
Ўрганишлар давомида маълум бўлдики, Кибрай тумани “Боййигит” маҳалласи кўп қаватли уйларида истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан газ кувурларини нотўғри ўрнатиш, ноқонуний сув иситкичларидан фойдаланиш, носоз дудбуронлар ва газ ускуналаридан уйларни иситиш ҳамда ювилган кирларни қуритиш мақсадида фойдаланиб келинмоқда.
Газ идораси ходимлари жон куйдириб, ис гази ҳаёт учун ўта хавфли дея, жойларда қанча тарғиб қилмасин, баъзи фуқароларимиз ҳали ҳануз мазкур ҳолатга бефарқ. Кулфат бошга тушганидан сўнг афсус-надомат чеккандан, ўз вақтида тадорик кўрмоқлик афзал эмасми?!

“Ўзтрансгаз” АЖ
Ахборот хизмати

Leave A Comment