Welcome to Uztransgaz   Click to listen highlighted text! Welcome to Uztransgaz

Ҳамкорлик тадбири икки томонлама манфаатли кечди

2019 йил 22 май куни Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил апрель ойидаги топшириғига кўра, “Ўзтрансгаз” АЖ фаолияти таҳлилига бағишланган навбатдаги қўшма йиғилишини Тошкент шаҳар ҳудудий газ таъминоти филиалида видеоселектор шаклида ўтказди. Саноат қўмитаси мутахассислари олиб борган ўрганишларда асосий эътибор “Ўзтрансгаз” АЖ тизимидаги ер усти ва ер ости қувурларидан хавфсизлик талаблари асосида фойдаланиш, магистрал газ қувурлари жойлашган хавфли ҳудудлардаги ер майдонларини ноқонуний ўзлаштириш ҳолатларига барҳам бериш, шунингдек, 2015-2018 йиллар оралиғида тизимда содир бўлган авариялар, бахтсиз ҳодисаларнинг таҳлилига қаратилди. Маълумки, Ўзбекистон бўйлаб, 13 минг км.дан зиёд магистрал газ қувурлари мавжуд бўлиб, газ таъминоти корхоналари томонидан қарийб 6 ярим млн. аҳолига табиий ва суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Табиий газнинг тоза ҳолатда ҳидсиз, рангсиз экани унинг хавфлилик даражасини янада оширади. Табиий газ етказиб бериш жараёнларида ҳид берувчи — одорант моддасининг қўшилишида ҳам айнан инсон ҳаётини сақлаш, огоҳ бўлиш мақсади кўзланган. Бундан ташқари, республикага узатиладиган юқори, ўрта ва паст босимли газ қувурлари вилоятлардаги ер ости ҳамда ер усти майдонлари, шунингдек, дарёларни ҳам кесиб ўтган. Бундай ҳолатларда табиат ҳодисалари ҳамда инсон омилининг аралашуви оқибатида айниқса газ қувурлари кесиб ўтган ҳимоя ҳудудларида, қоидаларга амал қилмай, ноқонуний объектларни қуриш натижасида газ қувурларига талофат етиши, газ сизиб чиқиши, ёнғин содир бўлиши, портлаш рўй бериши мумкин. Тизим мутахассислари бу сингари кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш юзасидан аҳоли орасида тарғибот тадбирларини ўтказиш баробарида маҳаллий телерадиода, матбуот саҳифаларида ҳам мавзуларнинг мунтазам ёритилишига эътибор қаратишган. Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда электр энергиясини ҳосил қилишда 83 фоиз ҳолатда газ сарфидан фойдаланилади. Шу билан бирга, юртимизда кўплаб замонавий кўпқаватли биноларнинг қад рослаши, янги тадбиркорлик фаолиятининг йўлга қўйилиши, ишлаб чиқариш корхоналарининг барпо этилиши табиий газга бўлган эҳтиёжнинг янада  ортишига сабаб бўляпти. Бундай кезларда табиий ресурсдан оқилона фойдаланиш, тежамкор ва хавфсиз газ жиҳозларини оммалаштириш долзарб аҳамият касб этади. Йиғилишда “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар ҳақида маълумот берилар экан, хорижий нуфузли компаниялар билан олиб борилаётган ҳамкорликдаги келишувларда тизимни модернизация қилиш, газ етказишнинг онлайн назоратини жорий этиш масалалари юзасидан батафсил ахборот берилди. Муҳими, изланиш бор… Ҳозирда аҳолига қулайлик тариқасида ҳудудлардаги газ таъминоти идоралари қошида маҳаллий шароитда тайёрланган жаҳон стандартларига мос, замонавий, тежамкор газ ёндиргичлари, умуман газ жиҳозларини сотишга мўлжалланган махсус дўконларни ташкил қилиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилган. ВМнинг 16 мартда қабул қилинган “Газ хўжалигида хавфсизлик қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида Газ хўжалигида хавфсизлик қоидалари аниқ белгилаб қўйилди. 16 июндан кучга кирадиган мазкур ҳужжат саноат  хавфсизлигини таъминлашда соҳанинг ҳуқуқий қўлланмаси вазифасини ўташи шубҳасиз, дейилди йиғилишда. Таҳлилий мулоҳазаларда шунингдек “Ўзтрансгаз” АЖ фаолиятида Саноат хавфсизлиги қонунининг ижроси нечоғлик бажарилгани, газ жиҳозларининг жумладан газ тақсимлаш пунктлари норматив-техник қоидаларга мослиги, идентификация ҳужжатларининг мавжудлиги, газ қувурларининг кимёвий ҳимояланиши, қиёслов кўригидан ўтказиш тартибларининг бажарилиш ҳолатларига баҳо берилди. Эътироф этилганидек, ижобий ишлар, ютуқлар кўп, бироқ камчиликлар ҳам етарли. Кўрсатиб ўтилган масалалар юзасидан мутахассислар хулосаси тингланди ва тадбир якунида камчиликларни белгиланган муддатларда бартараф этишга доир қўшма ҳайъат мажлисининг қарори қабул қилинди.

    Лаълихон Собирова

                                                                  “Ўзтрансгаз” АЖ

                                                                  Ахборот хизмати раҳбари

        

 

Leave A Comment

Click to listen highlighted text!