ҲАДЕМАЙ СОВУҚ ЭШИК ТАҚИЛЛАТАДИ …

Хоразм вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари бошланди

Куз фасли кириб келиши билан ҳаво ҳарорати пасайиб, салқин кунлар бошланади. Бундай паллада иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий объектлар, корхона ва ташкилотлар, аҳоли турар жойларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга масала.

Буни яхши англаган  Хоразм вилояти ҳудудий газ таъминоти  филиали фаоллари мавсумга тайёргарлик ишларини ҳозирдан бошлаб юборишди.  Хусусан, аҳоли хонадонларидаги газ таъминотида узилишларнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Қувурларни янгилаш юзасидан белгиланган ишлар сифатли бажарилмоқда.

Жорий йилнинг август ҳолатига кўра, 3,3 км газ қувурлари таъмирланди. 1,83 км қувурлар эса реконструкция қилинди. 269та созлагичнинг яроқсиз қисмлари аниқланиб, камчиликлар бартараф этилди. 5220та газ тақсимлаш қурилмалари тафтиш қилинди.  330,1 км  газ қувурнинг мустаҳкамлиги ҳамда зичлиги синовдан ўтказилди. Газ таъминоти тизимидан хавфсиз ва оқилона фойдаланиш, ортиқча йўқотишларнинг олдини олиш мақсадида 330,1 км қувурларнинг ички қисмини тозалаш вазифалари амалга оширилди. Қурилма ёрдамида текширилган қувурлар эса 436,7 кмни ташкил этмоқда.

Сўнгги йилларда қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфаси яхшиланиб, намунавий лойиҳалар асосида якка тартибда уй-жойлар бунёд этилмоқда. Муҳандислик ва транспорт коммуникациялари, ижтимоий инфратузилма объектлари жадал ривожлантирилаяпти. Натижада, аҳолининг ҳаёт даражаси юксалаётгани уларнинг юз-кўзлари, кайфиятларида намоён бўляпти. Шунингдек, ша­ҳарларда ҳам кўп қавватли уйларни қуриш ва қайта таъмирлаш ишларига катта эътибор қаратилган.

Маълумки, Президентимизнинг “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида” ги ҳамда “2018 йилда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  Қарорлари қабул қилинди. Ушбу Қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳудудий газ таъминоти филиали томонидан 12 та массивни табиий ҳамда 6 та массивни суюлтирилган газ билан таъминлаш шунингдек, 20 626 км газ қувури ётқизиш режалаштирилган. Бугунги кунда пўлат қувурлар, газ тақсимлаш қурилмалари сингари керакли материалларни жамлаш ишлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш лозимки,  2018 йил август ҳолати натижаларига кўра, мамлакатимиз миқёсида истеъмолчиларга 427 минг донадан ортиқ газ баллонларида 256 тоннадан ортиқ суюлтирилган газ етказиб берилган. Бу эса аҳолининг суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжини қондириш масаласи “Ўзтрансгаз” АЖ раҳбариятининг диққат эътиборида эканлигидан далолатдир. Айни пайтда Хоразм вилояти ҳудудий газ таъминоти филиали мутасаддилари истеъмолчиларнинг суюлтирилган газга бўлган талабини тўлароқ қондириш мақсадида вилоят миқёсида 40 минг 189 та хонадонни суюлтирилган газ билан  таъминлади. Шунингдек, яна 87 минг 899 та хонадон табиий газдан суюлтирилган газга мослаштирилди. Вилоятда суюлтирилган газ истеъмолчилари фойдаланаётган 228 минг 326 та маиший газ баллонларининг 81 минг 784 таси аҳоли хисобидаги шахсий маиший газ баллонлар бўлса, шуларнинг 146 минг 542 таси газ таъминоти корхонаси ҳисобида туради.

Мамлакатда аҳоли сонининг ортиб бориши табиийки, газга бўлган эҳтиёжни ҳам оширади. Бу эса соҳа вакилларидан ўз фаолият кўламини  янада кенгайтириш, янги режалар асосида иш олиб боришни тақозо этади. Шу боис, филиал томонидан ҳам истеъмолчиларнинг талаб ва истаклари доимий ўрганиб борилмоқда. Қўйилган вазифалар эса маъсулият билан уддаланмоқда.

Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашган мазкур ҳудудда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг бир қисмига тўхталдик, холос. Бу йўналишдаги янгиликлар, бунёдкорликлар кўлами айни вақтда қанот ёйган.

Фикр қолдириш