2018-2019 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрмисиз? Бухоро вилояти газ хўжаликлари мисолида

Президентимизнинг  жорий йил 12 июль кунги  қарори ҳамда  “Ўзтрансгаз” АЖ Бошқаруви  раисининг ушбу хужжат ижросини таъминлашга оид буйруғида Республика иқтисодиёт тармоқлари  ва ижтимоий соҳасини 2018-2019 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари кўзда тутилган. Бу тадбир шунчаки анъанавий эмас. Унда аниқ вазифа, белгиланган режа, энг муҳими, аҳолининг газ таъминотидан розилиги масаласи бор.

“Бухорогаз” ҳудудий газ тақсимлаш филиали томонидан шу йўналишдаги тадбирларнинг бажарилиши ҳолатига  назар ташланса, ижобий кўрсаткичлар  кўзга ташланади. Хусусан, вилоятдаги  газ маромлаш пунктларини тафтиш кўригидан ўтказиш,  қувурларини  босим остида синаш ва ҳаво босими ёрдамида тозалаш режалари ортиғи билан   амалга оширилган. Ер ости газ қувурлари ҳолатини (бур ва шурф усули билан) текшириш хавфсизликни таъминловчи тадбирлар сирасига киради. Бухоролик газчилар бу борада  кўзда тутилган 493,5 кмли режани муваффақиятли адо этишди. Кўрсаткич  қарийб  514 километр  ҳажмда ортиғи билан бажарилди.  Маълумки, ер усти қувурларини бўяш қувурларнинг ташқи таъсирга чидамлилигини орттириб,  эрозиядан сақлайди. Шунингдек, сариқ рангдаги қувурлар газ тармоғига тегишли эканлигини ҳам англатади. Вилоятда   272,9 кмда ер усти қувурларини бўёқлаш ишлари  олиб борилди. Бу рақам режанинг 150,8% фоизга адо этилганини кўрсатиб турибди. Газ тақсимлаш пунктларини капитал таъмирлаш ишлари шу кунларда поёнига етказилмоқда.

Ҳудудий  газчиларнинг барча саъй-ҳаракатлари  куз-қиш фаслида Бухороликларнинг табиий газга бўлган эҳтиёжини яхшироқ қондиришга қаратилган. Лекин,  кўнгилни хира қиладиган бир жиҳат ҳам бор. Яъни, 4,5 км газ қувурларида реконструкция қилиш ишлари бажарилиши режалаштирилгани ҳолда, ижроси бор-йўғи  2,28 кмда (Бухоро шаҳрида 1.6 км, Когон туманида 0.12 км, Қоракўл туманида 0.56 км узунликдаги газ қувури реконструкция қилинган.) амалга оширилди. Бу эса шу  йўналишга масъул мутахассисларнинг ҳамон ўз вазифасига панжа ортидан қараётганини англатади. Зеро, қишли-қировли кунлар олдинда.

“Ўзтрансгаз” АЖ

Ахборот хизмати

Фикр қолдириш