Welcome to Uztransgaz   Click to listen highlighted text! Welcome to Uztransgaz

“Ўзтрансгаз” билан улғайган одам

1957 йилнинг баҳори эди. Андижоннинг Қўрғонтепаси. 17 ёшлардаги ўспирин  чойхонда чой ичиб ўтирарди. Унга яқин сўридаги йигитлар Қўқондаги Нефт-газ соҳасига мутахассис тайёрловчи техникум ҳақида гаплашишади. Суҳбатни бехос эшитиб қолган Неъматжоннинг эса ўшанда — қайси касбни танласам,  деб ўйланиб турган вақти эди. Чойхонадаги мулоҳазалар сабаб  у Қўқондаги техникумга ўқишга боради.  Шу бир тасодифий суҳбат — газ сохаси учун узоқ йиллар хизмат қилувчи  ўз соҳасининг устаси етишиб чиқишига туртки бўлган эди…

Ҳаётда одам 80 ёшдан ўтгач, қандай бўлишини тасаввур қиламиз албатта. Одатда  нуроний, кўпчилигининг соғлиғидан шикояти бор…  Лекин ҳаммага бирдек, таъриф бериш ноўрин. Орамизда шундай кишилар борки,  улуғ ёшда ҳам юрт корига, соҳанинг ривожига зарур ва ёшларга таянч  бўла оладилар. Ҳаётини севимли касбисиз тасаввур қилолмайдилар. Яратган қанча умр берган бўлса,  бу вақтни имкон қадар ўзи меҳнат қилган тизим ишига  бахшида этади. Андижонлик Неъмат устоз шундай одам.

“Туғилдим мен — одам бўлай деб, Эл-юртим дардига малҳам бўлай деб”.

Бу сатрлар Андижонлик Неъмат ота Норматов қаерда ишлаган бўлса, ўша ерда кўзга кўринарли жойда осиғлиқ туради. Бу мисралар отанинг ҳаётий фалсафаси. Қарийб 60 йиллик умрини газ саноати соҳасига бағишлаган, бу инсон газтранспорти тизимининг тамал тошини қўйганлар қаторида бўлиб, шу касб сир-синоатларини шогирдларга ўргатиб,  ҳозирда ҳам қимматли маслаҳатларию, кўрсатмалари билан “меҳнат қилаётган!”  юртдошимиздир.

60 йил-а, айтишга осон.  Шунча вақт ичида соха ходими тирик қомусга айланиб кетаркан. Бу даврда у нималарга гувоҳ бўлмади дейсиз…

       -Тармоқ ташкил этилган йилларда СССР Газ саноати вазирлиги  тасарруфидаги Тошкент магистрал газ қувурлари бошқармаси деб номланарди ,  дея хотирлайди Неъмат ота.

       — Харбий хизматдан сўнг, техникумни имтиёзли тамомлаётган пайтим, Тошкентга газ қувурлари ўтказилган 1960-йиллар. У ерга мутахссис керак. 1 газ тақсимлаш станциясига 3 разрядли оператор бўлиб ишга қабул қилиндим. 3 ойдан кейин Бухоро гази Тошкентга келганида, Бекободга қурилган цементзаводга газ бериш керак бўлди.  Ўша ерга ўтказилдим. Цемент заводни ГРЕСи ишга туширилгач, салкам бир йил давомида  бошқа болаларга ишни ўргатиб  яна Тошкентга қайтиб келдим.

Бу орада анча тажриба тўплаган  Н.Норматов мутахассислар орасида эътиборга тушади.  Тошкентга қайтгач уни  ГРЕС  ва КИП автоматикаси  мухандиси лавозимига ўтказишади.  Ўшанда  Тошкентдаги   бошқарма Янгийўл  магистрал газ қувурлари бошқармаси дейилган. Суҳбатдошимиз  раҳбарлар тавсияси билан Москвага Губкин номидаги олий ўқув юртига имтиҳон топшириб сиртдан ўқишга киради. Орада Ўш вилоятида қурилган газ ўтказгич тизимда ҳам  ишлаган Н.Норматов  70 йилда диплом ишини ўша тизим мисолида  ёқлайди. Норматов  энди “Трансгаз”нинг бош мухандиси  бўлди.   Ўша пайтда  Москвада Газ саноати вазири  Бинков деган одам эди. Мухандислик лавозимига номзодни шу вазир тасдиқлаган.  Кейинроқ тармоқнинг энг мураккаб нуқталарида Неъмат ота шогирдлари билан узоқ йиллар қаттиқ меҳнат қилди. 2005  йилгача қарийб 20 йиллик  фаолият эса бевосита Тошкентда “Ўзтрансгаз” Давлат бирлашмаси бошқарув идорасида кечди. Ота ўша пайтни шундай хотирлайди;

Шу вақт оралиғида Россия,Ўзбекистон ва Қирғизистонда қурилган  5 та ер остида  газ сақлаш омборлари қурилишида фидойилар қаторида  иштирок этдик. Ўша пайтда Ўрта осиё магистрал газ қувурлари бизга қарарди. Олмаотада, Фрунзеда, Тожикистонда ҳам қурилишлар бўлганиди. Ишлаб юрганимизда Бухоро биланн Қарши  ўртасида янги  жуда катта кучланишга (500 атм.б) эга бўлган  компрессор станция қурилди.  Бундай йирик қувватга эга корхона  СССРда ҳали  йўқ эди. Кўкдумалоқ нефт қазиб олиш конига ҳам компрессор станцияси қурилди. Буларда ҳам югуриб-югуриб ишлаганмиз…

Шунча заҳматлар албатта бесамар кетмаган. Замондошимиз мамлакат раҳбарияти томонидан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган саноат ходими” унвони билан тақдирланди. Неъмат отадан шогирдлари ҳақида сўраймиз;

        — Забардаст шогирдларимдан бири А.Раимжонов,  ўлчов приборлари назорати бўйича саноқли технолог мутахассислардан бири саналган Ю. Колугин, Ў.А.Эшмуродов, компрессор станциялари ва қудуқлар бўйича мутахассис Н.С.Наимов,  газ тармоқлари бўйича ўз ишининг устаси Б.С.Умаров. Буларнинг ҳаммаси тизим ривожига салмоқли хисса қўшган мутахассис эдилар. Мен бир нарсадан ҳалигача афсусдаманки, бир ажойиб шогирдим Абдуҳолиқ Раимжонов эҳтиётсизлик ва шароит тақозосидан келиб чиқиб ҳаётдан эрта кўз юмиб кетди. У Қамчиқ довони оша қурилган газ тармоғида мухандис эди. Бир  йили қиш қаттиқ келиб Қамчиқдан ўтган қувурнинг айрим нуқталарида муаммо пайдо бўлади ва газ ўтиши секинлашиб қолади. Уни бартараф этиш шарт. Акс ҳолда жуда катта ҳудуд таъминотдан бебаҳра қолади. Шунда Абдуҳолиқ ёнида ёрдамчиси билан тоғ томонга, ўша муаммоли нуқтани қидириб кетади. У жой аниқланади, муаммо бартараф этилади. Йигитлар  бироз тин олиш мақсадида ўтирганларида    Абдуҳолиқ  ёнбошлаб мизғимоқчи бўлади ва музлаб қолади. Ўшанда у оёғида туфли билан тасодифан тоққа чиқиб кетган экан. Охирати обод бўлсин унинг. Шу ҳолат ҳақиқий фидойилик бўлмай  нима…  Абдуҳолиқнинг ўғли Жаҳонгир бугун ота изидан борди. Чилангарь бўлиб бизда компрессор станциясида ишлайди. Бизда деганим, Хўжаобод газни  ер остида сақлаш омбори. Бу ер қурилишидан жараённинг бевосита иштирокчиси бўлганим учун  бу жойни “ўзимники” дейман…

—      Мана бугунги кунда тармоқни ривожлантириш масаласига давлат сиёсати даражасида қаралмоқда. Ўша бир пайтлар сизлар  қалдирғочлар сифатида Москвага бориб таълим олган Губкин номидаги олий ўқув юртининг Тошкентдаги  филиали ишлай бошлади. Бу ерда таълим олган ёшлар жойларга ишга боришмоқда. Уларга иш ўргатиш, тарбиялаш қандай кечмоқда?

   —      Ҳа тўғри, ўқув юртларининг очилиши бу жуда катта гап. Уларда ўқиган ёшлар Хўжаободдаги корхонмизга ҳам келишмоқда. Тасодифми бу билмадиму, келаётган ёшларни мақташимга ҳали эрта. Қўлланмалар асосан рус тилида эканлиги  ва уларни ҳамма битирувчилар тўла ўзлаштирмаганликлари учун  шундай бўлса керак, деб ўйлаяпман. Янги келган ёшларни  тарбиялаш учун ҳаракат қиламиз албатта. Кимгадир бир қўлланма бериб, шу билан яхшилаб таниш, 10 кундан кейин  сўрайман десам, ўша 10 кун ўтганидан кейин, китобни ўзбекчаси йўқми, деган гапини эшитиб ҳафсалам пир бўлади гоҳида. Шу саволни китобни қўлига олган заҳоти ҳам  айтиш мумкин-ку..? Шу ўринда қўлланмаларни ҳам ўзбекчалаштириш зрурати борлигини инкор қилмаймиз. Яна бир нарса, соҳани танлашда ёшлар ҳақиқий қизиқишларидан келиб чиқиб йўл тутиши керак. Мутахассисликни эплай олмасликнинг сабабларидан бири- битирувчининг  катталар  аралашуви билан соҳага мажбуран кириб қолганлигида. Ёш шогирдларга бир тилагим, эгаллаган касбни яхшилаб ўрганишдан эринмаслик, тушунмаган нарсаларини тортинмай сўрашлари керак. Дарслар бошқа тилда ўргатиладиган ўқув юртларида эса ўша  тилни мукаммал билиш қатъий талаб. Буни бўлажак мутахассис ўз виждоний бурчи сифатида ҳис қилишлари зарур.

Н.Норматов билан суҳбатимиз анча давом этди. Унинг мазмунини қисқароқ баён қилдик. Ва шундай хулосага келдикки, ҳақиқий профессионалларга хос изланувчанлик, масъулият ва қатъийлик каби жиҳатлар бу инсонда мужассам. Уларнинг шогирдларга қўяётган талабларида ҳам шу кабилар назарда тутилади. Неъмат Норматов ҳозир 84 ёшдалар. У кишига  тилагимиз эса мана бундай;  Қадрли устоз! Элга хизмат қилиш бахти, Сизни тарк этмасин!

“Ўзтрансгаз” АЖ Ахборот хизмати.

Leave A Comment

Click to listen highlighted text!